2018-01-29 12:30:00

ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНДИ

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш мақсадида Зулфия мукофоти совриндорлари иштирокида “Хотира — азиз, қадр — муқаддас” номида тадбир ўтказилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўли, амалга оширган буюк ишларига тўхталди. Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарор, унинг ижросини таъминлаш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштиришга қаратилган ишлар ушбу тарихий шахсни Ўзбекистон буюк келажаги пойдевори қандай асосларда қурилганлигини, буни келгуси авлодларга етказишда муносиб хизмат қилиши ва, айниқса Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти бугунги кунга келиб ўз самарасини бераётгани ҳақида тўхталдилар. Ўз навбатида, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ҳам яратилаётган шарт-шароит ва берилаётган эътибор учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорлигини  билдирдилар.

Тадбирда қадр туйғуси, фарзандлик бурчи, тинчлик, она-ватанни мадҳ этувчи куй-қушиқлардан тузилган дастур ҳам намойиш этилди.

Худди шундай тадбирлар вилоятнинг Тойлоқ, Иштихон, Самарқанд, Жомбой туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.

“Туркистон-пресс”