2018-01-29 14:03:00

ИСЛОМ КАРИМОВ — ИСТИҚЛОЛ МЕЪМОРИ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Ислом Каримов — истиқлол меъмори” мавзусида маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.


Тадбир аввалида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Х.Кетмонов бошчилигида партия фаоллари ва фахрийлари, фракция аъзолари Биринчи Президентимиз номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, халқимизнинг фидойи фарзанди хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.


Анжуманда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темир Ширинов маъруза қилди. 

 

Маърузада эътироф этилдики, ўзбек давлатчилигининг асосчиси Ислом Каримов мамлакатимиз сиёсий тизимини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. У демократия принципларининг амалга оширилишини таъминлаб, кўппартиявийликни, сиёсий ғоялар ва нуқтаи назарлар рақобатини ривожлантиришнинг изчил тарафдори бўлди. Миллий парламент тизимининг қарор топиши ва ривожланиши ҳам бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқдир.

 

Хусусан, парламент соҳасида амалга оширилган дастлабки ислоҳотлар 1990 йил февраль-март ойларида Олий Кенгашга ўтказилган сайловларда ўз аксини топди. Ушбу тузилма мамлакатимиз тарихидаги энг муҳим ислоҳотларни юридик жиҳатдан расмийлаштирди, айтиш мумкинки, биз барпо этаётган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг тамал тошини қўйди.

 

Икки палатали парламентни ташкил этиш ғояси, таклифи Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилди. Мамлакатимиз Биринчи Президентининг миллий қонунчилигимиз қарор топиши ва ривожланишига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. У демократик талабларга ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳақли равишда муаллифи ҳисобланади ва Конституция ҳаётга татбиқ этилишининг ҳақиқий кафолатчиси бўлди.

 

Юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган Ислом Каримов қалбларимизда абадий қолиши ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси сифатида мангу яшаши хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Анжуманда “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 

“Туркистон-пресс”