2018-01-30 18:35:00

САМАРҚАНД ШАҲРИДА ИСЛОМ КАРИМОВ МАҚБАРАСИ ОЧИЛДИ

Мажмуанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда Президентнинг Матбуот хизмати.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ўз васиятига кўра, Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида дафн этилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда Биринчи Президентимизнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматларига муносиб улуғвор мақбара мажмуа бунёд этилди.

Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифлари давомида мажмуа қурилишининг бориши билан бир неча бор танишди. Ушбу масканни юртимизнинг энг қутлуғ қадамжоларидан бирига айлантириш, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Тадбир иштирокчилари, мамлакатимизнинг барча жойларидан келган юртдошлаимиз мақбарани зиёрат қилиб, гуллар қўйдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига ҳам гул қўйди.

Шу куни Форумлар мажмуасида элга эҳсон оши тортилди.

Давлатимиз раҳбари буюк сиёсатчи ва доно ислоҳотчи Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган ишлари Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирганини таъкидлади.

Ислом Каримовнинг ҳайкалини Шавкат Мирзиёев ва Татьяна Каримова очди.

Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фаоллар иштирок этди.

“Туркистон-пресс”