2018-01-31 08:45:00

МИЛЛИЙ АВИАКОМПАНИЯ ҲИНДЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ТАНИШТИРДИ

Мамлакатимизнинг туристик салоҳиятни кенгроқ намойиш этиш мақсадида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Деҳлидаги ваколатхонаси ходимлари Гургаон шаҳрида “Ўзбекистон билан танишув” тадбирини ўтказди.

Ҳиндистон пойтахтига ёндош шаҳар — Гургаоннинг гавжум боғларидан бирида ўтган Янги йил ярмаркаси доирасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг Деҳлидаги ваколатхонаси ходимлари ҳам қатнашдилар. Улар ўз стендларида ўзбек миллий либослари, ширинликлар, халқимиз қадриятларидан ҳикоя қилувчи сопол ҳайкалчалар ва ёдгорлик буюмларини намойиш этдилар.

Шунингдек, ярмарка меҳмонларига ўзбек миллий куй-қўшиқлари ва рақслари ҳам жуда манзур келди.

“Ушбу тадбирни ташкил этишдан мақсадимиз ҳинд халқига Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, миллий ўзлиги ва қадриятилари ҳақида сўзлаб бериш, мамлакатимизни янада яқинроқ таништиришдан иборат бўлди, — дейди МАК ваколатхонаси ходими Шуҳрат Мирсаидов. — Тадбир давомида маданиятимиз, урф-одатларимиз ва миллий ҳунарманчилигимиз ҳақида сўзлаб бердик”.

Аброр ЭШҚОБИЛОВ,

“Туркистон-пресс”