2018-01-31 09:08:00

УМИД АҲМАДЖОНОВ ДОҲАДА ҚАТАР МОҚ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси президенти ва мамлакат футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Осиё чемпионлар лигаси плей-офф баҳсидан ўрин олган “Ал-Гарафа”га қарши учрашувда Ўзбекистон вакили бўлган “Пахтакор” жамоасини қўллаб-қувватлаш учун ЎФА Ижроқўми аъзоси, “Пахтакор” ФК президенти Бобур Шодиев билан бирга Қатар пойтахти Доҳага борди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Умид Аҳмаджонов Доҳада Бобур Шодиев билан биргаликда Қатар Миллий Олимпия Қўмитаси вице-президенти Доктор Таний Ал-Куварий  ҳамда  “Ал-Гарафа” клуби президенти Ҳамад бин Тамийр билан учрашди.

Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов Қатар МОҚ вице-президенти Доктор Таний Ал-Куварий  билан Олимпия спорт турларини ривожлантириш, бу борада тажриба алмашиш масалалари бўйича суҳбатлашди.

Қатар давлати ҳам мамлакатда Олимпия спорт турларини ривожлантириш ва бўлғуси Олимпиадада катта натижаларга эришишни мақсад қилиб қўйган. Учрашувда Ўзбекистон МОҚ бу борада Қатар билан ҳамкорлик қилиши бўйича келишувга эришилди.

“Туркистон-пресс”