2018-01-31 09:36:00

ТАШАББУС ВА ҒОЯЛАРИМИЗ — МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН!

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Ташаббус ва ғояларимиз — мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун!” шиори остида “Ўзбекистон ХДПнинг Энг фаол аёли 2018” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аьзолари, шоирлари, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят, шаҳар-туман кенгаши раислари ва ходимлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрожиддин Дарханов очиб берди. Таъкидланганидек, мазкур танловни ўтказишдан мақсад мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ўз имкониятларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашишдан иборат.

Танловда иштирок этиш учун туман ва шаҳар босқичларида 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган 300 дан ортиқ хотин-қизлардан аризалар келиб тушди. Уларнинг орасидан ижтимоий ҳаётда фаол, ташаббускор, интелектуал салоҳияти юқори бўлган 18 нафар хотин-қизлар туман ва шаҳар босқичларида саралаб олинди.

Вилоят босқичига етиб келган 18 нафар иштирокчи белгиланган 3 та шарт бўйича ўзаро беллашди.Биринчи шарт — лойиҳа тақдимотида иштирокчилар вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигига эътибор қаратишди. Танлов иштирокчилари ўз лойиҳаларида хотин-қизлар учун барқарор иш ўринлари яратиш, турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса, маҳаллалардаги уюшмаган хотин-қизларнинг иқтисодий билим ва кўникмаларини ошириш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда уларнинг ҳиссасини кенгайтиришга доир янги ғоя ва ташаббуслар тақдим этди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг интелектуал салоҳияти, ташаббускорлиги, нотиқлик қобилиятини инобатга олган ҳолда баҳолаб борилди.

Танлов якуни бўйича Ўзбекистон ХДП Қибрай туман кенгаши иштирокчиси Элмира Садикова ғолибликни қўлга киритди ва республика босқичига йўлланма олди. Юқоричирчиқ туманидан Шаҳноза Шайдуллаева 2-ўринни, Чирчиқ шаҳар кенгаши иштрокчиси Ҳолида Артикова 3-ўринни қўлга киритди.

Иштирокчилар вилоят кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

 

“Туркистон-пресс”