2018-01-31 10:15:00

O`ZLIDEP: ТАДБИРКОР ВА ФЕРМЕРЛАРГА ЯНАДА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

Тошкент Аграр Университети Термиз филиалида O`zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан “Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида қатор ташкилотлар, депутатлар, тадбиркор ва фермерлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган устувор вазифаларга қаратилди.

Мулоқотда давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони озиқ-овқат товарларини олиб кириш бўйича айрим субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференцияларнинг бекор қилиниши носоғлом рақобат, айрим маҳсулот турлари импортининг монополлаштирилиши, нархнинг сунъий оширилиши, асоссиз фойда кўришга кўмаклашувчи шарт-шароитларга барҳам бериш борасида муҳим қадам бўлганли таъкидланиб, соҳани янада ривожлантириш борасида тадбиркорлардан таклифлар олинди.

Давра суҳбати иштирокчилари Президентимизнинг “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори ҳам мамлакатимизда соғлом рақобат майдонини яратишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Зотан, амалдаги тизим бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмайдиган, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ва хом ашё ресурслари турларини импорт қилишда божхона божлари ставкасининг юқорилиги уларнинг тақчиллигини юзага келтирмоқда. Энергия тежовчи технологияларни жорий қилган корхоналар учун рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш муддатларининг чўзилиши тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш харажатларини кўпайтирмоқда.

Тадбирда иштирок этган тадбиркорлар томонидан юқоридаги қарорлар қабул қилиниши билан боғлиқ солиқ ва божхона тўловларида юзага келадиган ўзгаришлар билан боғлиқ саволларга атрофлича жавоб берилди.

“Туркистон-пресс”