2018-01-31 10:42:00

САДРИДДИН САЙМАТОВ ПАРИЖДА СОВРИНДОР БЎЛДИ

Франция пойтахти Париж шаҳрида каратэ бўйича йилнинг илк нуфузли мусобақаси KARATE1 PREMIER LEAGUE - PARIS 2018турнири ўтказилди.

Мусобақада ўз вазн тоифасида дунё рейтингида етакчи ҳисобланадиган спортчимиз Садриддин Сайматов ҳам иштирок этди. 

Вакилимиз турнирдаги илк жангида Малайзия вакили Сентхилкумаран Селваражони, иккинчи босқичда эса грузиялик Давид Ткебучавани мағлубиятга учратди. Учинчи даврада Миср терма жамоаси аъзоси Малик Салама таслим этилди. Тўртинчи жангда тунислик Нодир Азузи устидан қозонилган ғалаба ҳамюртимизга ярим финал жангида иштирок этиш имкониятини тақдим этди. Афсуски, финал остонасида қозоғистонлик Дархан Ассадиловга қарши ўтказилган жангда Садриддин кичик фарқ билан имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун ўтказилган жангда эса Эрон терма жамоаси аъзоси Амир Меҳдизода катта устунлик билан мағлуб этилди. 

Шу тариқа, Садриддин Сайматов Париждаги мусобақанинг бронза медали соҳибига айланди.

Аброр ЭШҚОБИЛОВ,

“Туркистон-пресс”