2018-01-31 12:26:00

ЛОҚАЙДЛИККА БАРҲАМ БЕРАЙЛИК!

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси Матбуот хизмати хабарларидан маълум бўлишича, 2018 йилнинг 22 январь куни Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи фуқаро Д.Абдуллаеванинг уйида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 40 кв.м. майдони – томи, шифт қисми ва гаражидаги «Нексия» ҳамда «Дамас» русумли автомобиллари ёниб кетиб, зарарланган.

2018 йилнинг 27 январь куни эса Қорақалпоғистон Республикаси, Чимбой туманида яшовчи Ж.Артиқовнинг уйидаги иситиш печи мўрисининг носозлиги натижасида ёнғин келиб чиқиб, уйнинг 80 кв.м. майдони – томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб, зарарланган. Юқоридаги ҳар икки ҳодисада хайриятки, ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида яшовчи фуқаро Б.Қосимовнинг уйида маиший электр жиҳозларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши натижасида, уйнинг 200 кв.м. майдони – томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ҳамда ҳовлидаги «Кобальт» русумли автомобиль ёниб кетган. Ушбу ёнғин натижасида қўшниларининг уйидан ҳам 50 кв.м. том қисмларига зарар етган. Уй эгаси куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

2018 йилнинг 28 январь куни Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Исақовнинг келини ошхонага кириб электр чироғини ёққан вақтида хонага тўпланган газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш натижасида уйнинг 65 кв. метр майдонига шикаст етиб, уй жиҳозлари ёнган, хонадон соҳиби Ж.Исақов, унинг турмуш ўртоғи М.Аҳмедова ва келини М.Исақова куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилганлар. Хонага газ тўпланиб қолишига газ плитасига ўрнатилган пропан газ баллонига шланг уланган жойидан газ сизиб чиқиши сабаб бўлган.

Таъкидлаш жоиз, ҳавонинг кескин совиб кетиши, аҳолига табиий газ ва электр энергиясини етказиб беришда юзага келаётган узилишлар натижасида фуқаролар томонидан турли хилдаги ёнғин, газ ва электр хавфсизлиги талабларига мутлақо жавоб бермайдиган газ ҳамда электр иситиш анжомларидан ноқоқнуний фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди.

Хонадонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини назар-писанд қилмай, газ сўрғичлардан фойдаланиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айрим фуқаролар англаб етмаётгани, ўз қимматли ҳаётини хавф остига қўяётганига қандай муносабат билдириш мумкин? Ахир бу тоифа шахслар ўзлари сингари баъзи инсонларнинг қаттиқ куйиб тан жароҳатлари олишлари, ҳатто ҳалок бўлишларига ҳам гувоҳ бўлишмоқда-ку?!

Шундай экан, бугунги қишли-қировли кунларда оловдан эҳтиёткорлик билан фойдаланайлик. Юқоридаги каби салбий иллатларга қарши барчамиз бирдек, ҳамжиҳатликда қарши курашайлик. Бу ўзимизга ҳам, жамиятимизга ҳам кони фойда эканини унутмайлик.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”