2018-02-01 09:08:00

ИЛК БОР “ЁШЛАР” УЙЛАРИНИ СОТИБ ОЛИШНИНГ ОЧИҚ ЭЛЕКТРОН НАВБАТ ТИЗИМИ ИШГА ТУШИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” Фармониижросини таъминлаш, шунингдек мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш йўли билан уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида “Ёшлар” уйларини тақсимлашнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган “Ёшлар” уйларини сотиб олишнинг электрон навбат тизими тест режимида ишга туширилди.

Мазкур электрон тизимда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳузуридаги Республика комиссияси томонидан ҳисобга қўйилган номзодлар электрон навбатда қайд этилади ҳамда ҳудудлардаги уйларнинг топширилиш жараёнига қараб номзоднинг навбат рақами тизимли равишда ўзгариб боради. Ушбу тизим ёш оила вакиллари учун уйидан чиқмаган ҳолда ўз навбатини унга берилган махсус ID-KOD асосида мунтазам равишда кузатиб бориш имкониятини яратади.

Шу билан бирга, “Ёшлар” уйларидан бирини сотиб олиш учун ҳужжатларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) Кенгашига тақдим этган номзодлар ҳудудий ҳамда Республика комиссиялари ишини онлайн кузатиб боришнинг ҳам электрон тизими тест режимида ишга туширилмоқда. Мазкур тизим орқали ёш оилалар ҳудудий ва Республика комиссиялари хулосаси билан шахсан танишиш имкониятига эга бўлишади. Бу, ўз навбатида, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, муносиб ёш оилаларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишига замин яратади.

Электрон навбат билан yoshlaruyi.uz веб-сайти орқали танишиш мумкин.

Ёш оила вакилларига берилган махсус ID-KOD рақами Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари томонидан номзодларга маълум қилинадиган бўлди.

“Туркистон-пресс”.