2018-02-01 15:05:00

МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ИШГА ТУШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аввал белгиланган вазифаларнинг ижроси билан танишиш мақсадида 2018 йилнинг 19 январь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятдаги олий таълим муассасаларини пойтахтда фаолият кўрсатаётган университетлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, хусусан педагогик технологияларнинг замонавий усулларидан фойдаланишни ташкил қилиш вазифаларини юклаган эди.

Бу йўналишдаги топшириқлар ижроси доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қисқа муддатларда Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз шаҳридаги бўлинмалари, шунингдек Термиз давлат университетининг Деновдаги филиалларини боғлайдиган, оптик алоқа тармоқларига асосланган видеоконференцалоқа тизими ишга туширилди. Бу ҳақида вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Унда маълум қилинишича, «Ўзбектелеком» АК томонидан тезкор ва сифатли интернетга асосланган видеоконференцалоқа тизими учун зарур дастурий ва ташкилий таъминотлар мажмуи ишлаб чиқилган. 6 та объектни қамраб олган бу тизим 24 та махсус компьютер, 24 та веб-камера ва микрофонлар ва махсус русумдаги 48 та динамиклар, 48 та кенг форматли экранлардан иборат.

Натижада бу ҳудудда таҳсил олаётган ёшлар пойтахтда, қолаверса жаҳоннинг бошқа мамлакатларида фаолият кўрсатаётган пешқадам профессор-ўқитувчилар, экспертлардан таълим олиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, жорий тизим янги билим ва тажрибаларни тезкор етказиш, таълимнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнида аудио-видео, анимация, графикалардан кенг фойдаланиш, назарияни амалиёт билан таққослаш ҳамда ихтисосликлар бўйича қисқа курсларни ташкил қилиш имконини беради.

Масофавий таълим тизими орқали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, тингловчилар учун масофавий малака ошириш имкониятини яратиш, таълимнинг турли интерактив шаклларини бир-бирига яқинлаштиришга эришиш мумкин.

Бугунги кунда хорижда масофавий таълимдан шахсий режа асосида уйдан туриб билим олиш, университет томонидан тайёрланган видеодарслардан фойдаланиш, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш, шунингдек бир вақтнинг ўзида қўшимча тарзда бошқа йўналишларда таълим олиш ва шахсий қизиқишлари бўйича салоҳиятини ошириш тажрибаси кенг татбиқ қилинмоқда. Юртимиз таълим муассасаларида жорий қилинаёгтан ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси ҳам келажакда бу каби имкониятлардан фойдаланишга хизмат қилади.

“Туркистон-пресс”