2018-02-01 13:41:00

2017 ЙИЛ ШИДДАТЛИ ИСЛОҲОТЛАР ЙИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Бош прокуратура ва “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “2017 йил шиддатли ислоҳотлар йили” рисоласи нашрдан чиқди. Бу хусусида Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган мазкур рисолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил давомида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар таҳлилига чуқур ва атрофлича тўхталиб ўтилган бўлиб, ундаги маълумотлар қисқача ахборот шаклида, инфографикалар кўринишида ҳамда фотосуратлар орқали тақдим этилган.

Рисоланинг асосий қисмида ўтган бир йил давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд-ҳуқуқ, қишлоқ хўжалиги, нефть ва газ, кимё, кончилик, энергетика, қурилиш, архитектура, соғлиқни сақлаш, йўл-транспорт, тўқимачилик, туризм ва бошқа соҳаларда амалга оширилган муҳим ишлар, шунингдек, Давлат раҳбарининг 2017 йил давомида хорижий давлатларга қилган ташрифлари ҳамда Ўзбекистонга ташриф буюрган бир неча давлат раҳбарлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар етакчилари ҳақидаги маълумотлар ҳамда улар ўртасидаги келишувлар батафсил ёритилган.

Рисоланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда чет эл сиёсатчилари, таҳлилчилари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга берган баҳолари ва билдирган фикр-мулоҳазаларига ҳам кенг ўрин берилган.

“Туркиссто-пресс”