2018-02-01 15:27:00

“ТАРҒИБОТЧИ КИТОБХОН ЎҚУВЧИ”

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида янги лойиҳа бошланди, деб хабар бермоқда вазирликнинг Ахборот хизмати.

Унга кўра, умумтаълим мактабларида “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” номинацияси жорий этилиб, у тенгдошлари орасида китобхонликни тарғиб қилади.

Мактабнинг “Тарғиботчи китобхон ўқувчи”си таълим муассасасининг 7-10 синф ўқувчилари орасидан очиқ овоз бериш йўли билан танлаб олинади ва у мактаб кутубхоначиси ва етакчиси билан биргаликда ўз фаолиятини олиб боради.

“Тарғиботчи китобхон ўқувчи” учун мактаб кутубхонасида алоҳида жой ажратиб берилади, у “Китобхонлар клуби” ни ташкил этади ва юритади. Қолаверса, ўқувчилар орасида китоб мутолаасига нисбатан меҳр уйғотиш ва уни рағбатлантириш мақсадида мактаб маъмурияти ёрдамида турли маърифий тадбирлар, учрашувлар, акция ва танловлар ўтказади.

Шунингдек, “Тарғиботчи китобхон ўқувчи” китобхонлик тарғиботига муносиб ҳисса қўшган ва ўрнак кўрсатган фаол китобхон ўқувчи ва ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш учун таълим муассасаси раҳбариятига тавсия қилади, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича тавсиялар беради. Ўқув йили якунида республика миқёсида энг фаол китобхон трағиботчилар аниқланиб, тақдирланади ҳамда тегишли ташкилотларга тақдирлаш учун тавсия қиланади.

“Туркиссто-пресс”