2018-02-01 17:05:00

АЙБДОР АНИҚЛАНИБ, ЖАЗОГА ТОРТИЛАДИ

Танасининг турли қисмларидан игналар топилган гўдак Азизбекнинг тақдири барча юртдошларимизнинг эътиборида турибди. Бу мудҳишликдан қалби ларзага келмаган, болакайнинг соғайиб кетиши учун дуо қилмаган одам бўлмади, десак янглишмаймиз.

Мазкур воқеа юзасидан прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова қуйидагича изоҳ берди:

– 2018 йил 18 январь куни Фарғона вилояти Тошлоқ тумани ички ишлар бўлимига ички аъзоларида кўплаб игналар аниқланган бола ҳақида хабар тушган. Маълум бўлишича, бола 2017 йил 11 февралда тавваллуд топган Азизбек Абдумажидов бўлиб, унинг оиласи туманнинг «Найман» маҳалла фуқаролар йиғинининг Истиқлол кўчасида истиқомат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Аниқланишича, А.Абдумажидов соғлиги ёмонлашгани сабабли 2018 йил 13 январда онаси Ш.Болтабоева томонидан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Шу куни бирлашма томонидан Республика Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази Фарғона вилоят филиалига юборилган. Тиббий текширувлар давомида унинг ички аъзоларида кўплаб игналар аниқланган. Шу сабабли бола 2018 йил 15 январда даволанишни давом эттириш учун Республика Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига олиб келинган.

Мазкур илмий марказнинг жарроҳлик бўлимида 17 январь куни ўтказилган жарроҳлик операцияси давомида А.Абдумажидовнинг қорин бўшлиғи ва бўйин соҳасидан жами 12 дона пўлат игна ва сим бўлаги чиқариб олинган. Ҳаёт учун хавфли бўлмаган жойда жойлашган яна 3 дона игнани олиш навбатдаги жарроҳлик амалиётига қолдирилган.

Содир бўлган ушбу ҳодиса бўйича ҳақиқатни аниқлаш ҳамда қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш мақсадида 2018 йил 24 январда Тошлоқ тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди.

А.Абдумажидовнинг танасига игналарнинг тушиши сабабларини аниқлаш мақсадида қатор экспертизалар тайинланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

“Туркистон-пресс”