2018-02-02 09:05:00

ЎЗБЕК ФИЛЬМИ ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛДА БОШ СОВРИНГА ДАЪВОГАРЛИК ҚИЛМОҚДА

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган «Сабот» бадиий фильми нуфузли халқаро кинофестивалнинг бош совринига даъвогарлик қилмоқда.Бу ҳақида агентликнинг Ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан мазкур картина бир қатор хорижий кинофестивалларга тақдим этилган бўлиб, Москвадан илк хушхабар келди. Фестиваль ишчи гуруҳининг қарорига мувофиқ, режиссёр Рашид Маликовнинг «Сабот» бадиий фильми шу йилнинг 19-26 апрель кунлари Россия пойтахтида бўлиб ўтадиган 40-Москва халқаро кинофестивалининг асосий дастуридан ўрин олди.

2017 йилнинг декабрь ойида Тошкентда ушбу фильмнинг премьераси бўлиб ўтган эди. Фильмда афғон урушида қатнашган зобит — Сайдулла ҳаётининг сўнгги кунлари акс эттирилган. Воқеалар урушдан кейин содир бўлганига қарамай, Сайдулланинг бот-бот ўтмиш хотираларига берилиши сабабли, ретро саҳналар асосий воқеаларга параллел тарзда ривожланади. Сайдулла камгап, тунд одам. У уруш фожиаларини кўрган инсонларнинг типик вакили. Урушдан қайтгач, ичкиликка берилган, оқибатда аёлидан айрилган ва шу туфайли ёлғиз ўғли билан муносабатларида жиддий муаммолар юзага келган. Бедаво дардга чалинганини билгач, ўзининг бурчи деб билган ишларни тезроқ битиришга шошилган қаҳрамон асосий мақсади — урушдаги қуролдош дўстининг ўлимига сабабчи бўлган номардни топиб, йўқ қилишга қарор қилади...

Таъкидлаш жоиз, «Сабот» бадиий фильми Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан 71-Халқаро Канн кинофестивалида намойиш этиш учун ҳам тавсия этилган.

“Туркистон-пресс”.