2018-02-02 09:42:00

ҚОНУНГА ЧАП БЕРИБ БЎЛМАЙДИ

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Бошпочтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан АҚШдан фуқаро А.Розиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) номига келган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда, унда 200 қути «Parliament» ва 130 қути «Marlboro» сигаретлари, 1640 дона турли хил сақичлар борлиги маълум бўлди. Шу тариқа қонунбузар почта жўнатмаси орқали умумий қиймати салкам 40 млн. сўмлик сигарет ва сақичларни юртимизга олиб киришга уринган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Мазкур тартибга риоя қилмасдан сигаретларни юртимизга олиб кириш, акциз маркаларини ёпиштирмаган ҳолда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш тақиқланади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш ҳужжатлари тергов органига юборилган.

Шунингдек, ушбу пост ходимлари хориждан курьерлик хизмати орқали келтирилган почта жўнатмаларини божхона кўригидан ўтказишганда уларда CN 23 халқаро почта декларацияларида кўрсатилмаган, умумий қиймати салкам 13 млн. сўм бўлган 30 га яқин техника воситалари борлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан вақтинча олиб қўйилган товарлар Яшнобод тумани маъмурий суди қарорига асосан давлат эгалигига ўтказилган, дейилади Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати тарқатган хабарда.

“Туркистон-пресс”.