2018-02-02 12:10:00

ЎЗБЕКИСТОНГА ЗАМОНАВИЙ ЛАБОРАТОРИЯ УСКУНАЛАРИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Америка Қўшма Шататлари Ўзбекистонга силни тезкор аниқлаш лаборатория ускуналарини тақдим этди, деб хабар бермоқда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг Матбуот хизмати.

Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтган тақдимот маросимида Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Марказий Осиё Минтақавий директори ўринбосари Сара Уолтер хоним ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бош мутахассиси Асилбек Аҳмаджонов иштирок этди.

АҚШ ҳукумати томонидан тақдим этилаёган қўлланилиши осон бўлган тўрт тўплам Xpert MTB/RIF силни тезкор ташхислаш ускуналари тиббиёт муассасаларига сил касаллигини аниқлаш вақтини саккиз ҳафтадан икки соатгача қисқартириш имконини беради. Сил касаллигини эрта ташхислаш тиббиёт муассасаларига аҳолини ўз вақтида даволаш, беморларнинг тўлиқ тузалиши ва касаллик тарқалиши олдини олишга имкон яратади.

USAID сил касаллигини тезкор ташхислаш махсус тиббий ускуналарини ЖССТ ва KNCV Tuberculosis Foundation жамғармаси ҳамкорлигида тадбиқ этилаётган "Challenge TB" лойиҳаси орқали амалга оширди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 27 та Xpert MTB/RIF ускунаси қўлланилмоқда. Улар орасида 2014 йилда USAID томонидан тақдим этилган тўртта ускуна ҳам мавжуд.

“Туркистон-пресс”.