2018-02-02 15:13:00

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ФРАКЦИЯСИ МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилган ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия фаоллари ва журналистлар иштирок этди.

Матбуот анжуманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Ҳ.Кетмонов маъруза қилди.

Маърузада фракция томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидландики, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган ислоҳотлар шиддати кескин ошди. Ислоҳотларни амалга оширишда “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойилга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоя барча даражадаги давлат бошқаруви органлари, жумладан Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятининг асосига айланди.

Жумладан, 2017 йилда Қонун лойиҳаларини жойларда кенг муҳокама қилиш амалиёти жорий этилиб, 2017 йилнинг июль-декабрь ойларида Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан 77 та қонун лойиҳаси партия орқали жойлардаги партия ташкилотларига юборилди, муҳокамалар давомида келиб тушган 162 та фикр ва таклиф асосида партия томонидан ишлаб чиқилган 63 та таклиф фракциянинг 14 та йиғилишида муҳокама қилинди.

2017 йил давомида Қонунчилик палатасининг йиғилишларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 137 та қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан 416 та таклифлар ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Кўриб чиқилган қонунлар лойиҳалари бўйича фракциямиз томонидан билдирилган таклифларнинг 270 га яқини инобатга олинди.

Таъкидланганидек, ўтган йил мобайнида фракция аъзоларига сайловчилар томонидан умумий ҳисобда 4 минг 765 та мурожаатлар бўлган. Шундан, 3 минг 256 таси ёки умумий мурожаатларнинг 68 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар тегишлилиги бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилиб ижроси назоратга олинди.

Матбуот анжуманида маълум қилиндики, Ўзбекистон ХДП фракциясининг 2018 йилга мўлжалланган Иш режаси тасдиқланган. Унда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб, 15 та қонун лойиҳасига таклифлар шакллантириш, 3 та қонун лойиҳасини фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш режалаштирилган.

Анжуман якунида Ўзбекистон ХДП фракцияси ижтимоий ислоҳотлар самарадорлиги ва изчиллилигини таъминлашга қаратилган фаолиятини ислоҳотлар шиддатига ҳамоҳанг тарзда давом эттириши муълум қилди.

“Туркистон-пресс”.