2018-02-02 16:12:00

ЎЗЛИДЕП ФРАКЦИЯСИ ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН БРИФИНГ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди.

Унда фракциянинг 2017 йилда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ахборот журналистлар эътиборига ҳавола этилди.

Брифингда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ижросини таъминлашда ЎзЛиДеП ва унинг фракцияси ҳам ушбу масъулиятни теран ҳис этган ҳолда ислоҳотлар билан ёнма-ён юришга ҳаракат қилмоқда. Ўтган бир йил мобайнида фракция тизимида ишни янгича талаблар асосида ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши ЎзЛиДеП, унинг депутатлик корпуси, олдида турган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида пухта ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Ушбу чора-тадбирлар дастури асосида Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши бўйича аниқ ишлар амалга оширилди. Биргина қонунчилик ташаббуси соҳасида ўтган йили фракция бир нечта қонун ташаббуси билан чиқди. Қолаверса, кўплаб қонунлар устида ишлади, уларни атрофлича муҳокама қилиб, уларни қабул қилинишида фаол қатнашди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, 2017 йил давомида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жами 27 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган бўлса, шундан, 19 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилинишида ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари бевосита иштирок этишди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Парламент назорати тўғрисидаги» ҳамда «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадида фракция жойларда муҳокамалар натижасида умумлаштирган жами 22 та амалий таклифларини тегишли қўмитага тақдим этди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, шу вақтга қадар 40 дан ортиқ қонун лойиҳалари биринчи ўқишдан сўнг ҳудудларда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Бундан ташқари яна кўплаб қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, улар бўйича аниқ таклифлар берилди.

Бундай ишларнинг амалий давоми сифатида ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” моҳиятидан келиб чиқиб 2017 йил февраль ойидан бошлаб фракциянинг барча аъзолари ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида сайловчилар билан учрашиб, 10 кун мобайнида уларни ташвишга солаётган масалаларни ўрганиш билан биргаликда қонун лойиҳалари юзасидан таклифларини ҳам олиб қонун ижодкорлиги фаолиятида улардан бевосита фойдаланишди.

Тадбирда ЎзЛиДеП фракцияси томонидан ўтган йили муҳим макроиқтисодий кўрсаткичларнинг мувозанатини сақлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни амалга ошириш ҳисобига юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясининг тизимли равишда амалга оширилиши ва ижросини таъминлаш юзасидан бутун жамиятимиз ҳаёти ва фаолиятига ижобий таъсир кўрсатаётган аниқ чоралар кўрилганлиги алоҳида қайд этилди.

Давлат бошқаруви органларининг ҳисоботи ва ахборотини фракция мажлисларида ва партия гуруҳлари ташаббуси асосида маҳаллий Кенгашларда эшитиш бўйича ЎзЛиДеП томонидан Молия, Иқтисодиёт вазирликлари ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан лозим ишлар амалга оширилган, уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти устидан «ЎзЛиДеПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан парламент назорати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги, ҳамда туман (шаҳар) кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан депутатлик назоратини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси» ишлаб чиқилди.

Унга кўра, фракцияда 4 та ишчи гуруҳи тузилиб, булар вазирлик, қўмита ва уларнинг вилоят ва туман (шаҳар) бошқармалари ҳамда бўлимлари фаолиятида аниқланган камчилик ва муаммолар юзасидан муайян депутатлик сўровларини юбориш ва сўровлар натижалари бўйича аниқ тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек мазкур жараёнларда аниқланган муаммо ва таклифларни умумлаштириш, мазкур масалалар юзасидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни, шу жумладан қонунлар ва қонуности ҳужжатлари лойиҳалари, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишларида батафсил муҳокама қилиш ва ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига тақдим этиб боришини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Брифингда журналистларга амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил ва атрофлича маълумот берилди.

“Туркистон-пресс”.