2018-02-05 08:27:00

ЯХШИЛИКДАН МИННАТДОР ҚАЛБЛАР

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан мамлакатимизда яшаб, жамият тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган кўплаб инсонларга Ўзбекистон фуқаролиги берилиши уларнинг ҳаётига ўзгача файз бахш этди. 

Улар орасида Сурайё Ямитова ҳам бор.

Сурайёнинг оиласи 1993 йилда Тожикистон Республикасидан Самарқанд шаҳрига кўчиб келган. Уҳар беш йилда Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини узайтириб келган. Ниҳоят, 30 январь куни у узоқ кутилган ҳужжатни қўлига олди ва Ўзбекистон фуқароси бўлди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий сайтининг хабарига кўра, вилоят ҳокимлигида Сурайё Ямитовага Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу муҳим кунда аёлнинг онаси Меҳрибон Одилова ва 11 ёшли ўғли Ансор ва бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари уни қутлагани келишди.

Паспортни олар экан, Сурайёнинг кўзларида севинч ёшлари қалқди.

– Бугунги ҳодиса – бир она сифатида менга жуда катта қувонч келтирди, – дейди онаси Меҳрибон Одилова. – Ўғлим Фирдавс ҳам Ўзбекистон фуқаролигини олди.Фуқаролик паспортининг йўқлиги қизим, Сурайёнинг институтга киришига тўсқинлик қилган эди. Ҳозир у хусусий фирмада ҳисобчи бўлиб ишлайди. Мен қизимнинг орзуси ушалганидан жуда хурсандман. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан бизга бўлган эътибор, шу буюк юртнинг фуқаролигига муносиб эканлигимизга билдирилган ишонч учун чексиз миннатдормиз. 

“Туркистон-пресс”