2018-02-05 14:24:00

УРГАНЧДА МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРДАГИ ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ РОЛИНИ ОШИРИШГА ҚАРАТИЛГАН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

 Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Хоразм вилоят кенгаши томонидан “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ролини ошириш ва фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида Урганч шаҳрида ўқув семинари ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий ва Хоразм вилоят, туман, шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, ижрочи котиблари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилиб, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида вакиллик органлари, депутатлар фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш муҳим вазифалардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.

Семинарда давлат раҳбарининг Мурожаатномасида билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлардан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг фаолиятини кучайтириш, депутатлик ваколатларидан тўлақонли фойдаланиш, партиянинг сайловолди дастури ижросини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш масалалари муҳокама этилди.

 

“Туркистон-пресс”