2018-02-05 14:54:00

БОКСЧИЛАРИМИЗ БИШКЕКДАГИ ТУРНИРДА 6 ТА МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича анъанавий халқаро турнир якунланди.

Ўз тарихида 41-маротаба ташкил этилган Дуйшенкул Шопоков хотирасига бағишланган мусобақада эркаклар ва аёллар жами 13та медаллар жамланмаси учун баҳс олиб боришди.

Халқаро турнирда мезбонлардан ташқари Россия, Қозиғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган 150 нафарга яқин чарм қўлқоп усталари иштирок этишди. Кеча ўтказилган финал жангларидан сўнг турнирнинг барча ғолиб ва совриндорлари номи маълум бўлди.

Финалда жанг қилган 4 боксчимиздан 3 нафари: Фозилжон Абдумуродов, Фазлиддин Мелибоев ҳамда Обиджон Тоҳировлар рақибларини мағлубиятга учратиб, мусобақа ғолибига айланди. Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Иккита таркиб билан қатнашган Қирғизистон терма жамоаси 7 та олтин, 8 та кумуш, 10 та бронза медали билан биринчи ўринни банд этди.

 

“Туркистон-пресс”