2018-02-05 18:31:00

HIGH TECH CITY ЛОЙИҲАСИНИНГ БИРИНЧИ БОСҚИЧИГА КИРИШИЛДИ

Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Тошкент ҳокимияти ва Жанубий Кореянинг POSCO Daewoo корпорацияси 1 февраль куни High Tech City лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги қўшимча битимни имзолади. Бу ҳақда Инвестициялар қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Таъкидлаш лозимки, ушбу битим пойтахтда қиймати 1,4 млрд долларга тенг юқори технологияли туманни ташкил этиш бўйича 22 ноябрь куни Сеулда имзоланган ҳужжатга қўшимча бўлди.

Ҳужжатга мувофиқ, томонлар лойиҳани амалга оширишнинг биринчи босқичига киришади. Унда лойиҳанинг барча босқичларини тезкор ва сифатли мувофиқлаштириш, қурилиш учун майдонча танлаш, концептуал режа ва дастлабки техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ишчи гуруҳини шакллантириш белгиланган.

50 гектарга яқин ҳудудга бизнес марказлари, турар жойлар, илмий-тадқиқот марказлари, таълим, тижорат ва саноат муассасалари ва бошқа объектлар жойлаштирилади. Барча объектлар «ақлли» технологиялар, жумладан энергия тежаш тизимлари қўлланилган ҳолда бунёд этилиб, бинолар автоматлаштирилади, дейилади қўмита хабарида.

“Газета.uz” хабарига кўра, кореялик мутахассислар Тошкентда шаҳарсозлик таҳлилини ўтказиб, Tashkent City ва Nurafshon каби ўхшаш лойиҳаларни ўрганиб чиқишди. Айни пайтда инфратузилмалар, экологик масалалар, аҳоли ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда янги туманни жойлаштириш бўйича тўртта вариант кўриб чиқилмоқда.

“Туркистон-пресс”