2018-02-06 13:12:00

МУРОЖААТЛАРГА МУНОСАБАТ ЖИДДИЙ

Бугун Президентимизнинг жойларда фаолият кўрсатаётган Халқ қабулхоналари қисқа муддат ичида чин маънода халқимизнинг адолат масканига айланиб улгурди.

Бу ерга келаётган ҳар бир фуқаронинг мурожаати қонуний асосларда ўрганилиб, уларни қийнаётган муаммо-ташвишлари шу ернинг ўзида тезкорлик билан ҳал этилаяпти. Натижада одамларнинг эртанги кунга, хусусан, давлат идораларига, раҳбариятга бўлган ишончи тобора ортиб бормокда. Буни Жиззах шаҳар Халқ қабулхонасига келаётган мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йилда ушбу қабулхонага жисмоний ва юридик шахслардан жами 1698 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксариятини банк кредитини олишда дуч келинаётган тўсқинликларга бўлган эьтирозлар ташкил этади.

Соҳа ходимлари томонидан яратилган сунъий тўсиқлар фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига сабаб бўлмокда. Хусусан, Зафаробод туманидаги “Бахмал олма гули” фермер хўжалиги раҳбари Қўчқор Элмуродов ҳам 2017 йил 16 март куни Ўзбекистон Ташқи фаолият Миллий банкининг Жиззах шаҳар бўлимига кредит олиш мақсадида барча керакли ҳужжатларни тақдим этади. Бироқ Қ.Элмуродовнинг мурожаати банк мутахассислари томонидан асоссиз равишда олти ой муддатга чўзилади. Ниҳоят, унинг Жиззах шаҳар Халқ қабулхонасига қилган мурожаатидан кейин банк томонидан фермер хўжалиги ҳисобига 200 миллион сўм кредит маблағи ўтказиб берилади.

— Бугун биз фуқароларнинг муаммоларини ҳал этибгина қолмай, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш учун керакли маслаҳат ҳамда кўрсатмалар бериб бораяпмиз, — дейди Халк кабулхонаси мудири Ҳабибулла Турғунов. — Бу эса мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий савиясини ошириш билан бирга қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки айрим фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари туфайли ортиқча оворагарчиликларга дуч келишмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилда жисмоний шахслардан келган мурожаатларнинг 785 таси ана шундай ўз ҳақ-ҳуқуқларини етарли даражада билмаган ҳолда мурожаат этишган. Муҳими, бу фуқароларнинг муаммолари қабулхона мутахассислари томонидан шу ернинг ўзида ҳуқуқий маслахат бериш орқали ҳал этилгани маълум қилинди.

 

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон пресс”