2018-02-07 08:33:00

СОҒЛОМ ОНА, СОҒЛОМ ФАРЗАНД — БАХТЛИ КЕЛАЖАК

Ҳар бир миллатнинг камолоти, мамлакат равнақи бевосита она ва боланинг хотиржамлиги, соғлиғига боғлиқ. Қайси юртда оналар ва болалар бахтиёр бўлиб, кулгуси янграса,бу Ватаннинг эртанги куни нурафшон бўлиши аниқ.

 Мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳам ана шу оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш ҳисобланади. Юртимизда  аҳоли саломатлиги ва келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда соғлом экологик муҳитни яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, она ва бола саломатлигини яхшилаш, ногиронликни олдини олиш мақсадида оналар ва болаларга махсус хизмат кўрсатишни таъминлаш, соғлом экологик муҳитни сақлаш учун умумдавлат миқёсида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналиш бўйича Самарқанд шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасида ҳам оналар ва болалар саломатлигини сақлаш йўлида самарали ишлар олиб борилмоқда.Бугунги кунда шифо масканида оналар ва болалар учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Ушбу туғруқ мажмуасида намунали «Бўлажак оналар мактаби» ташкил этилган бўлиб,бу ерда ҳар бир ҳомиладор аёлнинг шахсий хусусиятларига таянган ҳолда ҳар томонлама мослаштирилган усул ёрдамида бўлажак оналарни туғруққа ва оналикка тайёрлаш, уларга руҳий мадад бериш, ўзига ва шифокорларга бўлган ишончни шакллантириш, ҳомиладорлик вақтида чақалоқ билан бўладиган  мулоқотни ўргатиш, аёлларни кўкрак билан эмизишга тайёрлашга кўмаклашишдан иборатдир. Бўлажак оналар учун машғулотлар малакали тиббиёт мутахассислари томонидан уч йуналишда олиб борилади.Ушбу машғулотлар суҳбат шаклида ўтказилиб, аёллар учун жуда фойдали саналади.

«Бўлажак оналар мактаби»даги мавжуд  ўқув ва машқ хоналарининг барчаси замонавий жиҳозлар ва тиббий ускуналар ҳамда қўлланмалар билан таъминланган. Бундан ташқари, ўқув-методик адабиётлар, видеороликлар,фитобар, гимнастика машғулотлари, ювиниш, дам олиш хоналари ишлаб турибди. Ҳомиладор аёллар учун психолог, диетолог мутахассислар керакли тавсия ва маслаҳатларини бериб келмоқда.

— Дунёда оналик бахтидан улуғроқ бахт йуқ, унинг ҳар бир лаҳзалари бебаҳо ва унутилмасдир. Мурғак гўдак учун эса онанинг бағридан ҳаловатлироқ жой йўқ. Зеро, бола фақатгина онасининг қучоғида ўзини хотиржам ва ишончли сезади,—дейди туғруқ мажмуаси бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Лола Ҳамроева. — Юртимизда она ва бола саломатлигини  муҳофаза қилиш  йўлида олиб борилаётган ишлар фарзандларнинг соғлом туғилиб,вояга етишишида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.Айниқса,бугунги кунда бўлажак оналар ўртасида ўтказилаётган тиббий текширувлар,соғлом турмуш тарғиботи оғир ҳомиладорликнинголдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”