2018-02-08 07:17:00

ЎЗХДП: ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ ЭНГ ФАОЛ АЁЛИ АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Шаҳар босқичига етиб келган 12 нафар иштирокчилар “Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир”, “Сиёсий ҳозиржавоблик” каби инсон билим ва тафаккурини бойитишга, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилувчи шартлар билан бирга янги иш ўринларини ташкил этиш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган турли хилдаги лойиҳаларини намойиш этишди.

Улар тақдим этган лойиҳалар Ўзбекистон ХДП сайловолди дастурида белгиланган меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган мақсад ва вазифаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.

Тадбир якунига кўра, «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси иштирокчиси Нодира Сайдуллаева Ўзбекистон ХДПнинг Тошкент шаҳридаги энг фаол аёли деб топилди ва Республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мирзо Улуғбек туманидан Наргиза Убайдуллаева иккинчи, Бектемир тумани вакили Юлдуз Маҳмудазимова учинчи ўринга лойиқ топилди.

Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

“Туркистон-пресс”