2018-02-08 08:22:00

ЎЗБЕКИСТОН —ҚИРҒИЗИСТОН ТАШҚИ САВДА АЛОҚАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигида Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳининг Қирғизистон Республикасига расмий ташрифи режалаштирилмоқда.

Ташқи савдо вазирлиги Ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ташриф икки кун давом этиб, унинг асосий мақсади икки тарафлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш этиб белгиланган.

Ташриф давомида ҳукуматлараро музокаралар билан бир қаторда, икки томоннинг хусусий сектор вакиллари билан учрашувлар, корхоналарга ташрифлар, шунингдек кооперация ва савдо шартномаларини амалга оширишни жадаллаштиришга йўналтирилган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун: 2017 йил икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 86 миллион АҚШ долларига ошиб 253,9 миллион АҚШ долларни ташкил этди. Қирғизистон Республикасига қилинаётган экспортнинг асосий улуши — табиий газ, текстиль ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларига тўғри келмоқда.

“Туркистон-пресс”