2018-02-08 17:33:00

АСОСИЙ МАҚСАД — БОЛАЛАР УЧУН СИФАТЛИ ВА СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ишларини эксперимент тарзида амалга ошириш белгиланган эди.

2017 йилнинг 19 декабрида мамлакат Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланганди.

Мактабгача таълим вазирлигининг Ахборот хизматидан маълум қилишларича, Президентимиз ва Ҳукумат томонидан белгиланган ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан муассасаларга тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқатларни етказиш тизими қайта кўриб чиқилди. Бу жараёнда узлуксизликни, белгиланган стандарт ва сифатни таъминлашга катта эътибор қаратилиб, ушбу соҳага тадбиркорларни кенг жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

Сирғали туманидаги 18-мактабгача таълим муассасасида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг янги тартиби бўйича илк эксперимент бошланди.

Тадбирда Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти, Тошкент шаҳар мактабгача таълими бош бошқармаси, Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси ва яна бир қатор мактабгача таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.

Сирғали туманимактабгача таълим бўлими ҳамда МЧЖ “AZIYA BEST DISTRIBUTION” корхонаси билан тайёр таомларни етказиб бериш мақсадида тўғридан-тўғри шартнома имзоланиб, боғча ошхонаси уларга фойдаланишга топширилди. Эксперимент жараёнида МЧЖ “AZIYA BEST DISTRIBUTION” корхонаси тамонидан мактабгача таълим муассаси ошхонасида тайёрланган таомлар тарбияланувчиларга етказилди.

Тажриба – синов тариқасида ўтказилган мазкур тадбирда ошпазларнинг ташқи қиёфасидан тортиб, таомнома бўйича тайёрланаётган таомлар техналогияси ва сифати йиғилганлар эътиборини тортди. Корхона танлаш жараёнида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли, хавфсиз ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинишига алоҳида эътибор берилганига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Сирғали тумани мактабгача таълим бўлими мутассадиларининг фикрига кўра, айнан шу корхона билан яна бешта боғчага тайёр таомларни етказиб бериш мақсадида тўғридан-тўғри шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мазкур тажриба натижалари таҳлил қилиниб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклиф киритилади.

“Туркистон-пресс”.