2018-02-08 17:35:00

ЛОТЕРЕЯ МАЖБУРАН СОТИЛМАЙДИ

Бугунги кунда “Халқ банки” томонидан бир неча турдаги лотереялар ташкил этилиб, ўйинлари ўтказиб келинмоқда.

Лекин айрим ҳолатларда мижозларга банк хизматлари кўрсатиш жараёнида пенсия ва нафақаларга лотерея билетлари қўшиб берилиши ҳолатлари қайд этилган, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Таъкидлаш жоиз, лотерея билетларини иш ҳақлари, пенсия ва нафақалар, бошқа биринчи даражали тўловларга қўшиб сотиш қатъиян тақиқланган. Бу бўйича қуйи филиалларга Халқ банки бошқарувининг алоҳида кўрсатмаси берилган.

Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар ва шикоятларда кўтарилган масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, қонунбузарликка йўл қўйган филиал раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан меҳнат қонунчилиги талаблари доирасида интизомий чоралар кўрилган.

Жумладан, ўтган йилда мижозларга банк хизматлари кўрсатилишида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этмаган ва ишда (жумладан, лотереялар билан ишлашда) қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйган банк филиалларининг 222 нафар раҳбар ходимига Меҳнат кодексида белгиланган ҳайфсан ва ўртача иш ҳақига нисбатан жарима қўллаш тарзидаги интизомий чора кўрилган, 91 нафар раҳбар ва бош ҳисобчи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Банк раҳбарияти томонидан фуқароларга лотереялар сотилишини қатъий равишда ихтиёрийлик принципига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ва фуқароларнинг асосли эътирозлари келиб чиқишининг олдини олиш чоралари кўриб борилаётган бўлиб, жараён доимий назоратга олинган.

“Туркистон-пресс”.