2018-02-08 17:52:00

НАВОИЙ ШАҲРИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯГА МЕЗБОНЛИК ҚИЛДИ

Буюк бобокалонимиз, шеърият мулкининг султони Низомиддин мир Алишер Навоий таваллуд топган кун муносабати билан Навоий шаҳридаги муҳташам “Ёшлар маркази”да “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни”мавзусида II халқаро илмий конференция ўтказилди.

Навоий вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият маърифат Маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Навоий давлат педагогика  институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда республикамизнинг 200 нафарга яқин навоийшунос олимлари ҳамда 20 дан ортиқ, хусусан, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон, Тожикистон, Афғонистон ва дунёнинг бошқа бир қатор давлатларидан ташриф буюрган нуфузли олимлар, тадқиқотчилар иштирок этишди.

6 февраль куни эрта тонгдан конференция иштирокчилари дастлаб вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, улуғ мутафаккирга алоҳида эҳтиром кўрсатдилар.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бошланган халқаро конференция ялпи мажлисини Навоий вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қ.Турсунов кириш сўзи билан очиб, буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди, бебаҳо мероси, аллома асарларининг инсоният тамаддунидаги аҳамияти хусусида сўз юритиб, барчани қутлуғ байрам билан табриклади.

Тадбирда профессор Иброҳим Ҳаққулнинг “Навоий ижодиётида “адам ва вужуд” фалсафаси” (Ўзбекистон), Фикрет Туркменнинг “Алишер Навоий ва Анадолу халқ ҳикоялари” (Туркия), Иброҳим Худоёрнинг “Э.Бертельснинг Алишер Навоий ва Фаридиддин Аттор ҳақидаги тадқиқотларининг эрондаги форсий таржималари” (Эрон), Олмос Улвининг  “Бобурнома”нинг Боку нусхаси тавсифи ва унда Алишер Навоийга алоқадор тасвирлар” (Азербайджан), Абдусалом Абдуқодировнинг “Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди тожик мумтоз илму адаб аҳли талқинида” (Тожикистон), Аррал Ҳабибининг “Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти” (Афғонистон) хусусидаги маърузалари тингланди.

Халқаро конференцияда сўзга чиққанлар томонидан ҳозирги глобаллашув даврида миллий ўзликни англаш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга молик эканлиги таъкидланди.

Куннинг иккинчи ярмида халқаро конференция иштирокчилари шўъбаларга бўлиниб, конференция мавзуси доирасида таклиф ва мулоҳазаларини жамладилар.

Шўъба йиғилишида “Навоий ижодиётининг маъно, мавзу, диний ва тасаввуфий қатламлари”,  “Навоий ижодининг чет элларда ўрганилиши”, “Навоийнинг давлатчилик ва раҳбар маънавияти ҳақидаги қарашлари”  ҳамда “Ҳозирги ўзбек тили, адабиёти ва халқ оғзаки ижоди”  мавзулари навоийшунос профессор олимлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Шундан сўнг халқаро конференция доирасида навоийшунос олимларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида журналистлар конференция иштирокчиларидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Халқаро конференция Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида санъаткорлар томонидан концерт дастури билан давом этди.

Анжуман доирасида вилоятда “Навоийлик ёш навоийхонлар” кўрик-танлови ҳам ўтказилди.Унда вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари фаол иштирок этди. Гала концерт аввалида мазкур кўрик-танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирланди. Олий ўринни қўлга киритган Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчисига вилоят ҳокими томонидан Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси совға қилинди.

Шунингдек, бир гуруҳ хорижлик олимларга Навоий шаҳрининг фахрий фуқаролиги берилди.

Навоий ғазаллари асосида ижро этилган куй-қўшиқлар барчани бирдек хушнуд этди.

Таъкидлаш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган йилдан буён Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоятда мутафаккирнинг таваллуд айёми анъанавий тарзда халқаро конференция тусида ўтказилиб келинмоқда.

Ўтган йили илк бор ўтказилган халқаро анжуманда Венгрия, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан 150 нафарга яқин навоийшунос олимлар, таниқли академик ва профессорлар иштирок этган эди.

“Туркистон-пресс”.