2018-02-09 08:46:00

O‘ZLIDEP ДЕПУТАТИ КЎМАГИДА ПОПДАГИ 11 НАФАР ЁШЛАР ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилоят кенгаши Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан ҳудудларда тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни партиявий механизмлар орқали ҳал этиш ва бунинг натижасида фаол тадбиркорлар сафини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида “Тадбиркорликни янада фаоллаштириш — жамият тараққиётининг муҳим омили” мавзусида ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотларнинг навбатдагиси Поп туманидаги “Файз” фермер хўжалигида ташкил этилди.

Очиқ мулоқот аввалида O‘zLiDeP Наманган вилоят кенгаши масъуллари ва Поп туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан тадбирда иштирок этаётган тумандаги ёш тадбиркорлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар ҳамда иш билан банд бўлмаган уюшмаган ёшларга мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини янада тараққий эттириш мақсадида олиб борилаётган тизимли ишларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича таклифлари ва мавжуд муаммолари ўрганилди.

Хусусан, Юксалиш қишлоғида яшовчи Шаҳноза Солиева тикувчилик фаолиятини амалга ошириш бўйича бизнес лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, фаолиятини бошлаш ва самарали йўлга қўйиши учун амалий ёрдам кераклиги ҳамда ёш тадбиркор Фаррух Боқижанов қурилиш-пардозлаш материлларини ишлаб чиқариш цехи жойлашган бино бўйича юзага келаётган муаммоси борлигини билдирди. Мазкур масала юзасидан туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, “Файз” фермер хўжалиги раҳбари Толибхон Аббосхонов тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови киритиб, ижобий ҳал этилишини билдирди.

Тадбир давомида иштирокчилар фермер хўжалигида ташкил этилган тикувчилик цехи ва иссиқхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Яна бир аҳамиятли жихати шундаки, тадбир натижасида тумандаги 11 нафар ёшлар “Файз” фермер хўжалиги ва унга қарашли тикувчилик цехига ишга қабул қилинди.

“Туркистон-пресс”