2018-02-09 10:09:00

“АФРОСИЁБ” ШАҲРИСАБЗГА ҲАМ БОРАДИ

Юртимизнинг бой маънавий-маданий мероси, тарихи минг йилларга бориб тақалувчи объектлари, қулай табиий-иқлим шароити туризмни равнақ топтиришда қўл келади.

Бундай жиҳатлар шу йил 3 февраль куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонда ҳам алоҳида белгилаб берилди. Туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхоналар, йўллар, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини қуриш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидандир.

Республикамизга сайёҳлар келишини кўпайтириш, уларга замонавий хизматлар кўрсатилишида транспорт-коммуникация тармоқларининг ҳам алоҳида ўрни бор, албатта. Яъни бу икки тармоқ бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис кейинги йилларда темир йўл тизимида маҳаллий ва хорижлик йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил январь ойида Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида тақдимоти ўтказилган Тошгузар — Шаҳрисабз — Китоб темир йўлини модернизация қилиш ва электрлаштиришга доир лойиҳа шулардан биридир.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг тарихий шаҳри — Шаҳрисабзда кейинги йилларда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Унинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам талайгина. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан рўёбга чиқарилаётган ушбу лойиҳа эса бунга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.           

Аслида мазкур лойиҳа бир муддат олдин, яъни давлатимиз раҳбарининг шаҳар ва туманларни комплекс ривожлантириш, сайёҳлик соҳасидаги улкан салоҳиятдан унумли фойдаланиш бўйича берган муҳим топшириқ ҳамда тавсиялари билан Қарши — Китоб темир йўл участкасини электрлаштириш ва мазкур йўналишда тезюрар поезд ҳаракатини ташкил этиш лойиҳаси асосида бошланган эди.

Қарши — Китоб темир йўл линиясининг умумий узунлиги 124 километрдан иборат. Йўналиш 3 та вокзал, 8 та станция, 46 та кўприк ва 107 та бошқа сунъий иншоотни ўз ичига олади. Лойиҳа доирасида, шунингдек, битта тортувчи нимстанция, битта контакт тармоғига хизмат қилувчи навбатчилик пункти ва 94 километр масофада контакт тармоғи, ташқи электр таъминоти объектларини қуриш белгиланган. “Китоб” ҳамда “ўузор” станцияларини тубдан таъмирлаш, темир йўл атрофини панжаралар билан ўраш, сигналлаштириш ва телекоммуникация тизимларини модернизация қилиш кўзда тутилган.

Айни пайтда электрлаштиришга 20 дан ортиқ махсус техникалар ва 150 нафарга яқин ишчи-ходимлар жалб қилиниб, лойиҳалаштириш билан биргаликда, қурилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шу кунга қадар 1650 дан ортиқ пойдеворлар, 1600 тадан зиёд темир-бетон контакт тармоқ таянчлари ўрнатилди. Станцияларга контакт тармоғини ушлаб турувчи темир конструкция ўрнатилаяпти.

Лойиҳанинг умумий қиймати 58,87 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Жорий йил фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳа Тошкент — Самарқанд — Қарши — Китоб йўналишида ягона туристик йўналишни яратиш ва xалқаро туризмни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, бу поездлар ҳаракати вақтини қисқартириш, ортиқча харажатларни тежаш, қўшимча 200 га яқин  янги иш ўринлари яратиш имконини беради, воҳадаги қадимий ёдгорликларни кўришга ошиқаётган сайёҳлар сонининг ортишига замин яратади.

Президентимиз Фармонида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номи остида аҳолини мамлакат бўйлаб саёҳат қилдириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилган. Темир йўл тармоғидаги бундай ўзгаришлар эса худди шу имкониятларни юзага чиқаришда айни муддаодир. 

Мирзо МУРОТОВ.