2018-02-13 08:34:00

“НАМАНГАН ТАЖРИБАСИ” ЎЗИНИ ОҚЛАДИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири бошчилигида ташкил қилинган ишчи гуруҳ томонидан Наманган вилоятида давлат хизматларини кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш масалалари, Халқ қабулхоналари негизида ташкил қилинган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, давлат хизматлари марказлари фаолиятидан аҳолининг нечоғлик хабардорлиги даражасини аниқлаш мақсадида “Наманган тажрибаси” лойиҳаси амалга оширилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Ўрганиш давомида вилоятдаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилган:

– 2017-2018 йилнинг ўтган даврига қадар марказлар томонидан жами 18 307 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, бу кўрсаткич 2016-2017 йилнинг ўтган даврига нисбатан 245 тага ошган;

– кўрсатилган давлат хизматлари сони 5.406 тани ташкил қилиб, 2017 йилнинг 12 декабридан ҳозирги кунга қадар ўтган қисқа вақт ичида вилоят туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан жами 1.000 га яқин давлат хизмати кўрсатилган;

– фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жами 90 та тадбиркорлик субъекти фаолияти тикланган;

– 634 та сайёр давлат рўйхатидан ўтказиш тадбирлари амалга оширилган.

“Наманган тажрибаси” асосида ишчи гуруҳ томонидан соҳа фаолиятини янада жонлантириш, аҳолини марказлар фаолияти, улар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари билан яқиндан таништириш ҳамда соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мақсад ва моҳиятини халқ эътиборига етказиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

– Агентлик томонидан вилоятнинг энг олис, чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар, тадбиркорлар, шу жумладан, давлат-хусусий шерикчилик масаласига қизиқиш уйғотган вилоятнинг илғор тадбиркорлари билан жами 50 дан ортиқ учрашувлар ташкил қилиниб, 200 мингга яқин аҳоли қамраб олинди;

– марказлар фаолиятидан кенг оммани хабардор қилиш, аҳолини давлат хизматларидан фойдаланишнинг афзалликлари, уларнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мақсадида вилоятнинг туман (шаҳар)лари аҳоли гавжум ҳудудлари, бозорлар, савдо мажмуалари, шунингдек, реклама устунларига давлат хизматлари, уларнинг турлари ва механизми ёритилган ва асосий ғояси “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” шиори остида 100 дан ортиқ плакатлар, 20 та баннерлар жойлаштирилди ва 50.000 та буклет ва флаерлар (кўргазмали тарғибот материаллари) тарқатилди;

– вилоятнинг мавжуд 770 та маҳаллалари биносида ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларда марказлар орқали кўрсатиладиган хизматлар, маҳаллаларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган “Адлия бурчаклари” жойлаштирилди;

– йирик савдо мажмуаларидаги инфоэкранларга марказ фаолиятини акс эттирувчи видеороликлар жойлаштирилиб, мунтазам равишда намойиш этилиши йўлга қўйилди;

– олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятдаги барча Давлат хизматлари марказларига 12 та “Дамас” русумли автомобиль ва замонавий ноутбук компьютерлари фойдаланиш учун топширилди ҳамда шу куннинг ўзидаёқ вилоятнинг чекка ҳудудларида аҳолига мобиль давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

“Туркистон-пресс”