2018-02-13 09:44:00

ОДИЛБЕК ҲАМРОБЕКОВ: “НАВБАҲОР” ФУТБОЛ МАКТАБИГА МЕНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШМАГАН”

Ёшлар ўртасида футбол бўйича Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ғолиблик нашидасини сурди. Наманган тумани, Шўрқўрғон қишлоғида вояга етиб, футбол сирларини Қаршида ўрганган Одилбек Ҳамробеков мана шу халқаро турнирда наинки терма жамоамизнинг, балки, турнирнинг энг фойдали футболчиси сифатида эътироф этилди. Камтар ва камсуқум футболчи билан суҳбатимиз унинг эндигина бошланган, тобора ёрқинлашиб, кўпчиликнинг ҳавасини келтираётган фаолияти хусусида бўлди.

– Одилбек, сиздаги футболга қизиқиш қачон чинакам ихлосга айланган? Чунки футболга барча болалар қизиқишади, лекин ҳар бир ёш ҳам футбол йўлини танлайвермайди...

– Болалигимда маҳалладош ўртоқларимиз билан футбол ўйнардик. Маҳалламизда футбол майдони бўларди. Ҳар куни майдонга тушиб, вақт қандай ўтганини сезмай қолардик. Келгусида чинакам футболчи бўлиш истаги ўша вақтлардаёқ орзуга айланган. Ва мен шу йўлни танладим.

– Наманган – ҳақиқатдан ҳам истеъдодлар макони. Шундай бўлса-да қайси сабабга кўра Қаршида футбол таҳсилини олишни лозим топдингиз?

– Жавобни сал узоқроқдан бошлай. Футболнинг дастлабки сирларини менга мактабдаги устозим Маҳмуджон Раҳимов ўргатганлар. Кейинчалик у кишининг тавсияси ва маслаҳати билан Тўрақўрғонга бордим. У ерда Нодир ака ва Маҳкам ака мени футбол сирлари билан яна ҳам кўпроқ таништиришди. Шу орада оиламиздагилар билан бамаслаҳат «Навбаҳор» футбол мактабида таҳсил олишни режалаштирдим. Лекин ўйин тактикам уларга тўғри келмади чоғи, мени мактабга қабул қилишмади. Шундан сўнг 2011 йил омадимни Қаршидан излаб, «Насаф» футбол академиясига йўл олдим. Академия раҳбари Сергей Петрович Кучеренкога маъқул келдим чоғи, Қаршида таҳсилни давом эттирдим. Ўшандан буён «Насаф» клуби шарафини ҳимоя қилиб келяпман.

– Икки йил аввал тиббий кўриклардан сўнг анча вақт футбол ўйнамадингиз, йирик халқаро турнирда иштирок этолмадингиз. Ўшанда нима бўлганди ўзи? Мана шу мураккаб вазиятдан қандай чиқдингиз?

– Жуда кўп мухлислар ўша вақтларда турли фикрлар билдиришган эди, шу масала юзасидан клубни, шифокорларни айблашди. Бу бўйича кескин танқидлар ҳам бўлган. Мавриди келганда айтай, мен бундай фикрдан йироқман ва ноўрин фикрларга қўшилмайман. Бундай ўйлайдиганларга жавобим шуки, мени тиббий кўрикдан ўтказгандан сўнг футбол ўйнашдан вақтинча тўхтатишди. Ўша вақтдаги мураббий мени олимпия саралаш учрашувларига олиб кетишга роса ҳаракат қилди. Шифоркорларга кўрсатишди. Даволаниб чиқдим, шунда ҳам шифокорлар рухсат беришмади. Шунда ўзим ҳам саломатлигимга жиддий шикаст етган, деб хавотирга тушдим. «Насаф» клубига катта раҳмат айтаман, чунки клуб раҳбарлари мени ёлғизлатиб қўймасдан Германияга тиббий кўрикдан ўтказишга юборишди. Германиялик врач менга: «Бориб шифокорларингга раҳмат айтиб қўйгин, сени футболдан вақтида тўхтатишибди. Энди аста-аста ўйнасанг бўлаверади, деди. Хуллас, Германиядан янги умид ва ишонч билан қайтдим, ўзгача бир соғинч билан футбол ўйнашни бошладим, ўз устимда астойдил шуғулландим.    

– Осиё чемпионатининг энг фойдали футболчиси сифатида эътироф этилишингизни кутганмидингиз? Бир томондан «Малибу»  машинаси, иккинчи томондан 20.000 АҚШ доллари. Бу – меҳнат ва истеъдоднинг катта ғалабаси, Президент эътиборининг маҳсули! Оилангиздагилар бу ҳолатни қандай нишонлашмоқда?

– Жамоадошларимнинг барчасига раҳмат! Биласиз, футбол якка кураш эмас, жамоавий ўйин ҳисобланади. Барча дўстларим кўмагида шу муваффақиятни қўлга киритдик. Мен шундай Президентимиз борлигидан фахрланаман! У кишининг «instagram»даги саҳифаларини мунтазам кузатиб бораман. Ўша куни биз ҳақимиздаги илиқ фикрларини эшитиб, ўзимга бўлган ишонч янада кучайди. Ўзимга руҳий далда, кўмак олдим. Оиламдагилар ҳам бу совғани олиб келганимга жуда хурсанд бўлишди. Қишлоқдаги оддий деҳқон оиласиданман. «Малибу»ни дадамга совға қилдим. Онамнинг «17 ёшингда оппоқ «Нексия» олиб келиб, дадангга совға қиласан», деган орзу ҳаваслари бор эди. Ота-онага бундай ҳадяларни қанча қилсак, шунча оз. Бу совғалар билан чекланиб қолмай янада ўз устимда изланаман. Бунданда кўпроқ совғалар қиламан, Худо хоҳласа!

– Таиланд ва Хитойдан сўнг Қаршида ҳам ажойиб ғалаба нашидасини сурдингиз. Узоқ йўл давомли машғулотлар ва қийин кечган турнирдан кейин Қаршидаги ўйинга руҳан тайёр бўлиш осон кечмагандир?

– Тўғри, осон кечмади. Ўйиндан кейин эрта тонгда йўлга чиқиб, то аэропортга келгунча чарчоқ аломатлари жуда ҳам сезилаётганди. Кечаси 24:00 бўлишига қарамай, бизни аэропортда жуда катта тантана билан кутиб олишганидан сўнг барча чарчоқлар эсдан чиқиб, ўзимизни онадан қайтадан туғилгандек ҳис этдик. Ярим кечаси бутун халқнинг бизни қаршилаётганини кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Совуқ таъсирини ҳам сезмадик, ҳатто. Ватанга ғалаба нашидаси билан қайтиш ўзгача руҳ бағишлади бизга. Айниқса, мен ҳали бирор марта кўрмаган, суҳбатлашмаган одамларим билан худди юз йиллик қадрдонлардек қучоқлашиб, юз кўришиб, шодлик ва қувончларимни баҳам кўрганимдан бошим осмонга етди. Мен бу даражада кутиб олишларини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бу кун бир умр хотирамда қолади. Қашқадарёлик мухлислар ҳам кутиб олишга келишган экан: “эртага Қаршида кутамиз, эртага ғалаба қозанамиз”, деб хурсандчиликларини яширишмади. Шу кайфият билан эртаси куни яна ғалаба қозондик. Ғалаба устига ғалаба қозониш ҳисси барибир бошқача бўларкан.

– Табиийки, ҳозир футбол мухлислари Сизларнинг авлодингизга катта умид боғламоқда. Бу ишончни оқлаш учун шахсан ўзингиз қандай режалар тузмоқдасиз? Гап шундаки, футболчи ўз маҳоратини оширишга индивидуал ёндашмас экан, у катта марраларни забт этолмайди.

– Жуда тўғри, гапингиз. Энди менинг мақсадим – ўзимга берилган барча мукофотларни, ҳаммасини унутиб, аввал қандай меҳнат қилган бўлсам, ота-онам, халқимнинг олдида бурчимни бундан ҳам ортиқ даражада бажараман. Олдинда яна катта масъулиятли паллалар турибди. Бундан кейин ривожланишдан тўхтасак, спорт формамизни ўз ҳолига ташлаб қўйсак, уят ҳам бўлади. Ғалабадан ҳаволаниб кетмаслик керак. Фақат олдинга интилиш шарт. Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлашни бутун вужудим, жону жаҳоним билан истайман ва шу йўлда қаттиқ ҳаракат қиламан.

– 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси мундиалда иштирок этадими, нима дейсиз?

– 30 миллиондан ортиқ халқимиз жаҳон чемпионатига чиқишимизни шунча йилдан бери орзиқиб кутмоқда. Жамоадошларим ҳам буни ҳис қилиб туришибди. Олдимизда турган ўша маррани акаларимиз, тажрибали футболчиларимиз билан англаб етиб, Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига борамиз, албатта. Бунга кучимиз, имконимиз етади!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

“Туркистон-пресс”