2018-02-14 07:48:00

СОЛИҚ ИМТИЁЗИ ҲУНАРМАНДГА НИМА БЕРАДИ?

Маълумки, Ўзбекистон халқи ўзининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналари билан дунёга машҳур. Шу боис, республикамизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолиш, ҳунармандчилик билан шуғулланувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор амалий ишлар қилинмоқда. Соҳа вакилларига кенг имкониятлар тақдим этилган. Уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланмоқда.

Айни пайтда юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш йўлидаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни тизимли бартараф этиш, ҳунармандчиликни кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу фаолият билан шуғулланишга аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни жалб қилишни рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йилнинг 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Мазкур Фармон асосида ҳунармандларга берилган енгилликлар салмоғи ортди. Энг аҳамиятлиси, эндиликда ҳунармандлар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилади. Бунинг учун улар “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзоси сифатида фаолият юритса кифоя. Шунингдек, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш, шунингдек, республикамизнинг туман ва шаҳарларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва “Уста-шогирд” мактаблари фаолиятини такомиллаштириш соҳада амалга оширилажак асосий вазифалар этиб белгиланди.

Шу жумладан, ушбу Фармон билан шундай тартиб ўрнатилдики, ҳунармандлар ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, қолаверса, банк ҳисоб рақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқига эга бўлди. Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, танлов, ярмаркалар давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.

Фармонда белгиланганидек, доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади. Ҳунармандлар учун давлат мулки объектлари учун ижара тўлови ўрнатилган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Бир сўз билан айтганда, соҳада сифат ўзгаришлари ясашга қаратилган бу чора-тадбирлар ҳунармандлар фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш, ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати билан шуғулланувчи фуқаролар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Айниқса, қишлоқ ва чекка туманларда оилалар турмуш даражасини ошириш, бандликни таъминлашга шароит ҳозирланади.

“Туркистон-пресс”