2018-02-14 08:53:00

“БОБУРНОМА” ҲИКМАТИ

“Бобурнома” турли ёш, турфа вазият, йилнинг ҳар хил фаслларида қайта ва қайта ўқиб, уқиладиган, зарурат юзасидан кўчирмалар олиб, айни дамда бошқаларга мутолаа учун тавсия қилинадиган дунё адабиётидаги энг мукаррам ва муаззам китоблардан биридир. Бобурнинг ростгўйлиги ва ҳақгўйлигини, мардлиги ва саховатини, ўзининг бутун ичкариси ва ташқарисини бениҳоя ошкора ёзганини ўқиб одам ҳайрон қолади. Нафсига маломатлари, ибодату итоатлари, дуогўю рўзадорлиги ибратга лойиқ. Шунинг баробарида, майпарастлиги ва маъжунхўрлиги, чоғир базмлари, фотиҳ сифатида гоҳида калламинорлар қургани – барча-барчаси бобурона ростлик баёнидир. Тарихда ўзини Бобурчалик шафқатсиз тафтиш этган иккинчи бир шахс топилиши қийин. Одам бунинг ҳам бирор ҳикмати борлигини ўйлаб қолади.

Ўзининг содиқ йигитлари билан Кобулга бораётган Бобур йўлида баланд қорли тоғдан ўтишига тўғри келади. Қор отнинг тизидин юқорироқ, узангидан юқорироқ келади, тинимсиз ёғади. Йўлдошлари билан ёнма-ён туриб, қор тепиб йўл очади. Ҳаёти давомида кўрмаган қийинчиликка учрайди. Эътироф этиб ёзадики: “Ул неча кун бисёр ташвишлар ва машаққатлар тортилди, андоқким, муддатул умр мунча машаққат камроқ тортилиб эди. Бу матлаъни ўшал фурсатта айтилди:

Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму?

Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?”

Бобурнинг машҳур ғазалининг бошланиши айни воқеликка биноан майдонга келади. Қор тепиб ҳориган Бобур одам бўйли қор капада нафас ростлаш учун ўтиради. Сўнгра атрофига назар ташлайди: “...намози хуфтанғача қор онча чопқулаб ёғдиким, мен энгашиб ўлтуруб эдим, орқамға ва бошимға ва қулоқларимнинг устига тўрт энлик қор бор эди”. Бундай аниқ тасвир худди расмдагидек аниқ тасаввур қилинади. “Бобурнома”нинг ҳикмати шундай саҳифаларда аён бўлади.

Бобур назаридаги кунлик вақтнинг ўлчови учун танланган асос ёзилган ўринни ўқиб, хаёлим асрлардан асрларга кўчди. Мен Бобур ёнида ва Бобур гўё менинг ёнимда пайдо бўлди.

“Бобурнома”нинг охирроғида бир кеча-кундуз ўлчови, бир соат ичидаги дақиқаларга доир муҳим гап бор: “Нечукким, бизнинг вилоятлар истилоҳида кеча-кундузни йигирма тўрт қисм қилибтурлар, ҳар қайсисини бир соат дебтурлар ва ҳар соатни олтмиш қисмат қилибтурлар, ҳар қайсисини бир дақиқа дебтурларким, бир кеча-кундуз минг тўрт юз дақиқа бўлғай. Дақиқанинг миқдори тақрибан олти қатла “Фотиҳа”ни “Бисмиллоҳ” била ўқуғунчадурким, бир кеча-кундуз секкиз минг олти юз қирқ навбат “Фотиҳа”ни “Бисмиллоҳ” била ўқуғунча бўлғай” Бу ҳақиқат одамни ҳаяжонга солади.

Қаранг, бунда беш аср олдин ҳазрат Бобур бир дақиқада “Фотиҳа”ни “Бисмиллоҳ” билан қанча вақтда ўқиган бўлса, бугун биз ҳам тақрибан шунча сония­да ўқир эканмиз. Назаримда, ташвишлар, ваҳималар, ғавғолар, ғалвалар, иғволар, ғийбат ва ғурбатлар – мана шулар вақтнинг заволи.

Кунлик вақт ўз ҳолича, беш аср муқаддам не ҳолда бўлса, тасаввуримча, бугун ҳам тахминан шу ҳолда. Аммо ундан фойдаланиш усуллари бошқача; узоқни яқин қилиш йўллари ўйлаб топилди. Ҳаддан ташқари узоқ бўлиб туюладиган, ойлаб пиёда йўл юриладиган уммон ортига ҳам учоқлардан бир нечта соатда етиб борилади. Бу инсоният ақли билан ўзига ўзи осон яшаш шарт-шароити яратиб олганидан дарак беради. Зеро, инсонга ақл неъмати вақтидан унумли фойдаланиш, ўз вужудига назар солиш, нафс қутқусини жиловлаш, кўнгил кўзини ғубордан тозалаш ва шу каби кўплаб эзгу амаллар учун инъом этилгандир. Абадиятга нисбатан инсон умри “ўнгидан сўлига боққанча” ёки бир киприк қоққанча фурсат. Демак, одам умрини ғанимат билиши, вақт тезлигидан нолимасдан сабабни, айбни ўзидан излаши керак. Дақиқанинг ҳеч ким хаёлига келмаган, ўзига хос бобурона ўлчови ва, умуман, “Бобурнома”дек муаззам китоб ҳикматлари ҳозир ҳам бизга ҳаёт жумбоқларидан сабоқ беради.

Баҳодир НУРМУҲАММАД,

филология фанлари доктори.

“Туркистон-пресс”