2018-02-14 09:16:00

ХОНЗОДАБЕГИМ ВА ХУРРАМШОҲ ҚИСМАТИ

Бобур подшоҳнинг опаси Хонзодабегим ва унинг ўғли, яъни Бобурнинг шайбонийзода жияни Хуррамшоҳ тақдири ҳақидаги маълумотлар талқинининг тарихий манбалар ҳамда ҳозирги замон бадиий адабиёти ва илмий тадқиқотларда турли-туманлигини кўрамиз. Шу сабабли гоҳо ўқувчиларимизни “Бобурнома” ёки Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”, Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, Муҳаммадёр ибн Араб Қатағоннинг “Мусаххир ил-билод” каби ўзбек тилида нашр қилинган асарлардан ташқари, ҳозирча чоп этилмаган бошқа ёзма манбаларда Бобурнинг бу қариндошлари ҳақида яна қандай хабарлар борлиги ҳам қизиқтириши табиий ҳол.

Бобур подшоҳ “мақбул ўғлон эди” дея таърифлаган Хуррамшоҳ ҳақида эса ўқувчи жуда кам маълумотга эга. Биз ушбу мақолада ана шу иккита мавзуга тўхталиб, тарихий манбалар орқали воқеликка назар ташлаш ва ўқувчини бор ҳақиқатдан хабардор қилишни лозим топдик.

“Бобурнома”нинг бизгача етиб келган ноқис нусхаларида Хонзодабегимнинг Бобур Самарқандни сулҳ асосида ташлаб чиққан 1501 йил август ойида “Шайбонийхонга тушгани” қайд этилиб, опасининг 1510 йил декабрида Марвдан шоҳ Исмоил ташаббуси билан Бобур Мирзо олдига юборилгани ҳамда опасининг Шайбонийхондан туққан “Хуррамшоҳ отлиқ мақбул ўғлон”ининг Балхда ҳоким бўлгани ва отаси ҳалок бўлгани воқеасидан бир-икки йил ўтиб эса вафот этгани қайд этилади, холос.

“Тарихи Рашидий”да Хонзодабегимнинг кейинчалик Шайбоний никоҳидан чиқарилгани, бунинг сабаби эса Шайбонийхон Хонзодабегимни укаси Бобурнинг маслаҳатига кўра хон ҳаётига қасд қилиб қўйиши мумкинлигидан гумонсираганча талоқ қилиб, Саййид Атоий авлодидан бўлмиш Саййид Ҳодига бергани, бу саййиднинг эса Шайбонийхон ва бошқа шайбоний султонлари, умуман, дашти қипчоқлик барча ўзбеклар олдида катта эътиборга эгалиги эслатилади. Яна Саййид Ҳоди Марвдаги жангда ўлдирилгач, Хонзодабегим сафавийлар қўлига асир тушгани ва Шоҳ Исмоил унинг кимлигини билгач, иззат-ҳурмат кўрсатиб, ўз элчиси билан бирга Бобур Мирзо олдига юборилгани ҳам қайд этилган.

Бобурнинг бизгача етиб келган маълумотларида Ҳодихожа номи тилга олинмайди. Хуррамшоҳга Балх вилояти берилганидан бошқа далил ҳам қайд этилмайди. Бу қисқа маълумотда Бобурнинг бу жиянини кўрган-кўрмагани масаласи аниқ эмас. Хондамир ҳам, Муҳаммад Ҳайдар Мирзо ҳам бу ҳақда ёзишмаган.

Аслида тарихий воқелик қандай бўлган? Юқорида эслатилган ёзма манбалар бу тўғрида қуйидаги маълумотни беради: Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да очиқроқ тарзда ёзишича, 1478 йилда туғилган Хонзодабегим 1501 йил августида Бобур ва Шайбонийхон ўртасида тузилган сулҳ битими шартига биноан Самарқандда Шайбонийхон никоҳига киради.

Бу никоҳдан 1502 йил май ойида Хуррамшоҳ дунёга келади. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, Шайбонийхон Хонзодабегимни, заҳар беришда гумонсираб, ўз никоҳидан чиқаради. Қоидага биноан ҳукмдор эрдан ажрашган ёки бева қолган сарой аёли бундай воқеадан сўнг ё эрсиз ўтиши ёки ҳукмдорнинг энг яқин кишисига тегиши лозим эди. Хонзодабегимни ўзидан узоқлаштирган хон шу сабабли бевасининг ўз аммаваччаси Саййид Ҳодихожа бин Муртазохожа никоҳига киришига розилик беради. Бу даштиқипчоқлик саййидлар хонадони шажараси Саййид Ото орқали ҳазрат Али бин Аби Толибга уланади. Саййид Ҳодихожа Шайбонийхоннинг ҳам аммаваччаси, ҳам шижоатли амирларидан бири ҳисобланиб, ўша пайтда 50 ёшларда бўлган. Хонзодабегим эса 28 ёшда эди. Шайбонийхон 1506 йил 15 ноябрида Балхни эгаллаб, соғлом энагалар ва ҳарбий ишга моҳир амирлар, яхши илмли устозлар қўлида тарбия топган қобилиятли ўғли Хуррамшоҳни Балх ва унинг музофотларига ҳоким қилиб тайинлайди.

“Мусаххир ил-билод” муаллифи бу ҳақда шундай ёзади: “…Ёш бўлгани учун ул шоҳзоданинг Отолиқи мансабига Қанбар Мирзо кўкалтош тайинланди. Ул яхши хислатли амир ҳамиша ўз марҳамати қаноти ва адолати соясини мазкур вилоят аҳолиси боши узра ёйди… Шунинг шарофатидан бутун Балх мамлакати ободончилик ва фаровонлик топди. Олий мартабали шоҳзода Хуррамшоҳнинг ёрқин кўнгли ов ва шикор ҳавасига лим тўла, дили гул юзли ёшлар ва қуёш чеҳрали ботирлар билан суҳбат қурмоқ иштиёқи билан тўлиб-тошгани сабабли кўп вақтини шикор нашидасини сурмоқ билан ўтказарди. Доимо соядек отаси Шайбонийхон узангиси хизматида юрар, ҳеч қачон унинг буйруғи ва фармонини бажармасдан қолмас, ҳеч бир сўзини икки қилмас эди…”

Шунингдек, “Мажмаъ ул-ғаройиб”да айтилишича, Хуррамшоҳ ўз атрофига ўқимишли ва фозил кишиларни тўплаган. Кўринадики, довюрак ва яхши ҳарбий таълим олган Хуррамшоҳ ёшлигига қарамай, отаси Шайбонийхон билан бирга Балх, Ҳиротни олиш жангларида қатнашган ҳамда давлат бошқариш сирларини ўрганган.

1507 йил июнь ойида Машҳад ҳам қўлга кириб, Шайбонийхон у ерга мазкур аммаваччаси Саййид Ҳодихожани ҳоким қилиб тайинлайди ва Хонзодабегим ҳам Машҳадда яшай бошлайди. 1508 йил бошида Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Муҳаммад Қосим Мирзо Машҳадни Саййид Ҳодихожадан тортиб олади, Ҳодихожа эса Марвга қочади ва Марвдаги Шайбонийхон буйруғига биноан тез орада Убайдуллоҳ султон ёрдамида Машҳадни қайтариб олиб, Муҳаммад Қосим ўлдирилгач яна Машҳаддаги ҳокимлигини давом эттиради. Орадан икки йил ўтгач, аниқроғи, 1510 йил октябрида шоҳ Исмоил сафавий Хуросонга юриш қилади, оз сонли қўшин билан Ҳиротда ўтирган Шайбонийхон эса урушга қулай жой сифатида Марвга чекинади. Сафавийлар қўшини Машҳадга яқинлашгач, Ҳиротда қолган шу шаҳар доруғаси Жон Вафобий дўрмон, Машҳад ҳокими Саййид Ҳодихожа, Нисо ҳокими амир Муҳаммад Солиҳ ва Дурун ҳокими Подшоҳхожа (Хожа) кабилар ҳам Марвга келадилар. Шайбонийхон Балх, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Туркистон қўшинларини ёрдамга чақирган бўлиб, Хуррамшоҳ дарҳол ўз қўшини билан отасига ёрдамга отланади. Бироқ, Шайбонийхон ўғиллари ва бошқа султонлардан ёрдам келишини кутмай, 1510 йил 5 декабрда жангга киришиб, шу урушда ҳалок бўлади. Бу воқеалар Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сийар”, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” ва бошқа эронлик, ўрта осиёлик тарихчилар асарларида ҳам ўз аксини топган.

Хондамир Саййид Ҳодихожанинг бу жангда ўлгани ҳақида гапирмайди. У “Ҳабиб ус-сийар” асарида Саййид Ҳодихожанинг 1507 йили Машҳадга ҳоким этиб тайинланишига оид ҳикоясида уни “писар аммаи хон буд (Шайбонийхонинг аммасининг ўғли эди)” деб кўрсатади.

Хондамир ўзининг мазкур асарида яна бир даштиқипчоқлик ва Шайбонийхонга қариндош ҳамда Бобурнинг опасига уйланган хожа ҳақида маълумот беради. Гарчи бу хожа кўп жиҳатлари билан Саййид Ҳодихожани эслатса-да, Хондамир негадир унинг номини “Маҳдихожа” шаклида тилга олган.

Хондамирнинг “Саййид Ҳодихожа” ва “Маҳдихожа” ҳақидаги мазкур хабарини “Тарихи Рашидий ва “Мусаххир ил-билод” маълумотлари билан қиёслайдиган бўлсак, ота томондан Саййид Отойи орқали ҳазрат Алига уланувчи Муртазохожа фарзанди, онаси Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхоннинг қизи ҳамда Бобур подшоҳнинг опасининг эри сифтида тилга олинган Саййид Ҳодихожа ва Маҳдихожа аслида бир шахс – Саййид Ҳодихожа бўлиб чиқади.

Демак, Саййид Ҳодихожа ва Хонзодабегим орасидаги никоҳ иплари 1517 йил бошида узилган. Бу пайтда Хонзодабегим 38 – 40 ёшлар орасида бўлган.

Кўринадики, ёши қирққа етган Хонзодабегим шундан сўнг ҳеч кимга турмушга чиқмай, Бобур ва Ҳумоюн давлатининг жонкуяр маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатганича 1544 йили Кобилҳақ мавзесида оламдан ўтиб, Кобулдаги Бобуршоҳ мақбарасига дафн қилинган.

Энди Хуррамшоҳ мавзусига қайтсак. “Мусаххир ал-билод” муаллифи Хуррамшоҳ ҳақида яна шундай ёзади: “Отаси Марв қамалида қолганда биринчи бўлиб шу Хуррамшоҳ Балх лашкари билан отаси ёрдамига ошиққан эди… Отаси дунёни шаҳидлик билан тарк этгач, Хуррамшоҳ ҳам охират сари шитоб билан кетди. Хуррамшоҳдан насл қолмади.”

Хуллас, Бобурнинг севимли опаси Хонзодабегим ва унинг ана шу опасидан туғилган шайбонийзода Хуррамшоҳ исмли жияни тақдирига ёзма манбалар маълумотлари орқали ойдинлик киритиш ҳам, табиийки, жонажон тарихимизда кечган буюк сиймо Заҳириддин Бобур подшоҳ ҳаёти ва фаолиятини тўлароқ тасаввур этишимиз учун хизмат қилади.

Исмоил БЕКЖОН.

“Туркистон-пресс”