2018-02-14 09:44:00

ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12  сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганишлар натижасида ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларини яхшилаш, уй-жойларини таъмирлаш борасида кўмакка муҳтож оилалар аниқланиб, бу борада уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

– Қарорга асосан биргина Бухоро вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалардан 26 нафарини уй-жой билан таъминлаш, 130 нафарининг уй-жойларини таъмирлаш, 1443 нафарига маиший техника жиҳозлари олиб бериш, 78 нафарига тиббий хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича ишлар якунланди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Ҳамза Рўзиев. – Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида олиб борилаётган одамларни рози қилиш сиёсатининг амалдаги ижроси вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида истиқомат қилаётган эхтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган меҳр ва эътибор мисолида янада яққол намоён булмокда.

Бухоро туманидаги Ойбек МФЙ, Нурафшон кўчаси, 37-уйда 2 нафар фарзанди билан истиқомат килаётган Меҳринисо Халилова турмуш ўртоғидан эрта жудо бўлди. Ўғилларига ҳам ота, ҳам она бўлган бу аёл оиладаги моддий эхтиёжни тўлдиришга канчалик уринмасин, барибир рўзғор юки унинг елкасига оғирлик қилади. Тумандаги пахта тозалаш заводида ишлаб топадиган даромади рўзғордан ортмайди. Уй-жойини таъмирлаш, маиший шароитларни яхшилашга имкони йук. Ана шулар инобатга олиниб, бугунги кунда Меҳринисо Халилова хонадони ҳам Президентимиз эътибори ва ғамхўрлиги натижасида обод этилди. Хусусан, унинг уйи жорий таъмирланиб, том қисми  профнастиль билан қопланди. Фасад ва ҳовлининг ичкари қисми замонавий кўриниш касб этди.

Шофиркон туманилик 63 ёшни қаршилаган Наталья Шишкоренко-Алиева якка-ёлғиз яшайди. Бу нуронийнинг  хонадони таъмирга муҳтож эди. Давлатимиз раҳбари Қарори ижроси юзасидан бу эҳтиёжманд фукарога ҳам уй -жой таъмири учун  маблағ ажратилди. Кўримсиз ҳолатга келиб қолган ҳовлининг фасади ва хоналари таъмирланди. Ҳовлида қўшимча бино барпо этилди. Уй атрофи девор билан ўралди.

Туманнинг Дўрмон МФЙга қарашли Қоғотон қишлоғида Зулайҳо Муҳаммедова 2 нафар фарзанди  билан яшайди. Турмуш ўртоғи оғир хасталикдан бевақт вафот этгач, Зулайҳо опа бироз муддат қариндошининг ҳовлисидаги айвонда яшайди. Ёзнинг чилласию, қишнинг изғиринли кунларини очиқ айвонда ўтказади. Зулайҳо ҳали ёшига тўлмаган ўғлини бевақт бой беради. Қишлоқ аҳли унга кўмак бериш мақсадида фойдаланилмасдан келаётган ҳудуддан унинг оиласига кичкина бир турар жой қуриб беришга қарор қилади. Зулайҳо Муҳаммедованинг ночор аҳволи ишчи гуруҳи аъзолари назаридан четда қолмади. Унинг ҳовлиси учун зарур бўлган қурилиш материаллари ажратилди ва бу ерда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Жондор тумани, Хумин МФЙда истиқомат қилувчи Шофиддин Қурбонов ва унинг турмуш ўртоғи имконияти чекланган оилалардан. Қариндошлари, қўни-қўшнилари уларнинг ҳолидан доимий тарзда хабар олиб туришади. Шофиддин аканинг ҳовлиси ҳам таъмирталаб. Буни инобатга олиб, унинг хонадонини таъмирлаб беришга қарор қилинди. Юқоридаги хонадонлар сингари уйнинг томи шифер билан қопланиб, яшаш хоналари замонавий тусга келтирилди. Мебельанжомлари билан жиҳозланди.

Бугун мамлакат миқёсида аҳолининг эхтиёжманд қатламига эътибор ва  ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Халқ манфаатлари олий қадрият, деган шиор оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар турмуш тарзида бўй кўрсатмоқда. Сўз ва амал бирлиги, қарорларнинг фақат қоғозларда эмас, инсонларнинг ҳаёт тарзида акс этаётгани аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламокда.

Бундай чора-тадбирлар юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг ёркин намунаси. Мақсад эса аён – давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, одамларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишдир.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари.

“Туркистон-пресс”