2018-02-15 07:04:00

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, маънавият масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Айниқса, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида ёшларимизни турли маънавий таҳдидлардан асраш, уларни  дунёнинг турли жойларида юз бераётган ноҳуш воқеа-ҳодисалардан доимо огоҳ бўлиб яшашга ундаш жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан саналади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида Тошкент фармацевтика  институти фаоллар залида “Ёт “маданият” маънавий таназзулга етаклайди” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, ўқитувчи-профессорлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёшларни турли экстремистик, террористик, миссионерлик оқимлари, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларда бундай иллатларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Умид Сулаймонов,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Эътироф этиш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунни бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбир ҳам ёшларни миллий менталитетимизга ёт ғоя ва оқимлар, жумладан, “оммавий маданият” таъсиридан асраш, уларни огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмас.

Зеро, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилишини инобатга олсак, дунё аҳолисининг 2 миллиард нафарини ташкил этувчи ёшларнинг таълим-тарбияси сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлигини белгиловчи мезон эканлигига амин бўлади киши.

Иброхим  Сагатов, Тошкент фармацевтика  институти лицейи директори, халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати:

— Маълумки, маънавиятимиз, чуқур илдизга эга қадриятларимизга зид бўлган  “оммавий маданият” таъсирига тушган ёшлар азалий урф-одатларини, аънаналарини, миллийлигини ва ўзлигини унутади. Шу боис, турли бузғунчи ғоялар “Оммавий маданият” ниқоби остида уларни тўғри йўлдан оғдириш мақсадида биринчи навбатда ёшларнинг маънавиятини эгаллашга ҳаракат қилаётганлиги бежиз эмас.

Шу нуқтаи назардан, ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлган муҳим масалалардан биридир.

Фарход Ишанкулов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати бўлим мудири, халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати:

 Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан республикамиздаги касб-ҳунар коллеж, лицейлар, олий таълим муассасаларида ана шундай мазмундаги тадбирлар уюштирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларни юртга садоқат, бой қадриятларимизни қадрлашга чорлаш, улар онгида маънавий бўшлиқ қолмаслигига эришишдир.

Тадбирда депутатлар ва партия фаоллари томонидан қайд этилганидек, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам ёшларга аҳолининг энг илғор қатлами, Ватанимиз келажагининг муҳим пойдевори сифатида қарайди ҳамда ўз сафларидаги 50 мингдан ортиқ «ёш адолатчилар» орқали навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол шахслар бўлиб вояга етишлари, инновацион фикрлайдиган, замонавий билимларни эгаллаган, мамлакатимиз келажагини ўз тақдирига дахлдор деб биладиган, ташаббускор ва фаол ёшлар авлодини шакллантиришни мақсад қилган ҳамда бу борада бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

«Адолат» СДП сайловолди дастурида белгиланганидек, дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Шу нуқтаи назардан партия томонидан ўтказиб келинаётган ушбу йўналишдаги тадбирлар ёшларнинг ахлоқий-руҳий ҳолати тўғрисида аниқ бир хулосаларга келиш, уларнинг мамлакатда яратилган ахборот макони ва ахборот инфратузилмалари борасидаги билим, кўникмаларини аниқлаш имкониятини яратади.

Давра суҳбатида иштирок этган ўқувчи ёшлар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

“Туркистон-пресс”