2018-02-16 08:31:00

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХАЛҚНИНГ ЭНГ ЯҚИН КЎМАКЧИСИ ВА ДЕМОКРАТИЯ КЎЗГУСИ

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Республика товар-хом ашё биржаси, Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ЭОАВМА mediahalliда (Зарафшон кино-концерт зали) “Оммавий ахборот воситалари халқнинг энг яқин кўмакчиси ва демократия кўзгуси” мавзуида конференция ўтказди, деб хабар бермоқда уюшманинг Ахборот хизмати.

Тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан журналистика соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга бағишланди.

Конференцияни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов олиб борди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига тааллуқли 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”, 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2017 йил 15 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари миллий медиамуҳитда, чинакам маънода, катта воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигидаги “Дўстлар клублари” ижодий тузилмалар, жумладан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Уюшманинг бу борадаги ҳамкори бўлган Республика товар-хом ашё биржаси билан ўзаро келишув битими имзоланиб, ўзаро яқин ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилди. Биргаликда тадбирлар ўтказиш, журналистлар малакасини ошириш, соҳа фахрийлари ва эҳтиёжманд ходимларга ёрдам кўрсатиш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш. уларнинг илк китобларини чоп этишга кўмаклашиш ва бошқа қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Шу вақтга қадар биржа ҳомийлигида пойтахтимиз ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 50 нафар кекса ва эҳтиёжманд журналистлар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар улашилди. Икки нафар фахрий саломатлиги тикланди. 100 нафар фахрий “Ҳуррият” газетасига ҳомийлик асосида обуна қилинди.

“Дўстлар клуби”, шунингдек, уюшманинг ҳудудий бўлимлари моддий-техник аҳволини яхшилаш борасида ҳам фаол иш олиб бориб, улар учун зарур бўлган жиҳоз ва компьютер технологиялари билан таъминлади. Уюшманинг Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан “Чимён” сиҳатгоҳида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб борувчи 110 нафар журналистлар иштирокида ўтган “Ҳаракатлар стратегияси: ислоҳотлар жараёни ва ОАВ” медиалагери ҳамкорликнинг яна бир мисолидир. Иштирокчилар бир ҳафта давомида юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни, уларнинг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида акс этиши, долзарб мавзулардаги танқидий-таҳлилий материаллар, миллий журналистика истиқболи  ҳақида ўзаро фикр алмашдилар, ижодий тажрибаларини баҳам кўрдилар. Айни пайтда сиҳатгоҳда дам олиб, саломатликларини ҳам тикладилар. Уни молиялаштиришда Республика товар-хом ашё биржаси фаол иштирок этди. Бундай ҳамкорлик келгусида ҳам давом эттирилиши кўзда тутилган.

Конференцияда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да ОАВ олдида турган долзарб вазифалар кенг муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев “Матбуот ва ахборот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни: ютуқ ва муаммолар”, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Х.Нуриддинов “Давлат Дастури ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни тезкор ва таҳлилий ёритиш масалалари”, “Ziyouz.com” сайти бош муҳаррири Д.Тожиалиев “Глобал тармоқда мамлакат ҳаётида амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни ёритилиши: устувор вазифалар” мавзуларида маъруза қилдилар.

Бундан ташқари, Республика товар-хом ашё биржаси билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ўртасида ташкил топган “Дўстлар клуби”нинг “Дўст билан обод уйинг” веб-сайти тақдимоти ҳам ўтказилди. Журналистлар ижодий уюшмасининг 2017 йилги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, янги йил режалари билан таништирилди. Ҳарбий ватанпарварлик мавзусида фаол ижод қилиб келаётган бир қатор журналистлар тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги ижодий кенгашлар аъзолари, ОАВ вакиллари, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.

“Туркистон-пресс”