2018-02-16 16:30:00

АҲОЛИНИ МАҚСАДЛИ ПАТРОНАЖ БИЛАН КЕНГ ҚАМРАБ ОЛИНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ахборот хизмати хабарига кўра, эндиликда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бирламчи профилактика ишларига бешта ташкилот масъул ҳисобланади.

Мазкур тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Халқ таълими, Мактабгача таълими вазирликлари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан «Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида»ги қўшма Қарори асосида қабул қилинди.

Ҳужжат билан жойларда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва бирламчи профилактика ишлари Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий бўлимлари, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва мактабгача таълим бошқармалари билан ҳамкорликда бажарилиши белгиланди.

Шунингдек, ушбу ташкилотларга аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида «Саломатлик мактаблари» ташкил этиш ва улар фаолиятини тизимли олиб бориш вазифаси юклатилди.

Қўшма Қарордан кўзланган устувор мақсад касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб бориладиган профилактика ишларини нафақат хонадонда, балки ўқув муассасалари, боғча ва маҳалларларда ҳам ташкил этиб, профилактика қамровини янада кенгайтириш, аҳолида ўз саломатлигига бўлган масъулиятни оширишдан иборатдир.

“Туркистон-пресс”