2018-02-16 16:43:00

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2017 йил 24 июндаги Қарори билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида юқумли касалликларга, шу жумладан, вирусли гепатитларга ташхис қўйиш, улар профилактикаси ва уларни даволаш усулларини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилганди.

Жорий йилнинг 14-16 февраль кунлари ўтказилаётган "Вирусли инфекцияларнинг долзарб муаммолари" мавзусидаги анжуман ана шу комплекс чора-тадбирлар доирасида ташкил этилган бўлиб, унда 10 га яқин давлатдан келган олимлар, маҳаллий мутахассислар иштирок этмоқда.

Конференцияни Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи Сайдмурод Сайдалиев кириш сўзи билан очиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган қатор ислоҳотлар халқ манфаатлари ҳар нарсадан устун эканини билдираётганини эътироф этди. Жумладан, ўтган вақт мобайнида Юртбошимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш, аҳолида ҳақли эътироз уйғотаётган долзарб муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилгани, бу борадаги дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилиб, тизимнинг барча йўналиши фаолиятини янада яхшилашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабоев ўз сўзида муассаса фаолияти ҳақида тўхталиб, инфекцияларни ташхислашнинг замонавий лаборатория усуллари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётгани, вирусли инфекцияларга қарши ўтказилаётган иммунопрофилактик тадбирлар самарадорлигини ўрганишда соғлиқни сақлаш муассасаларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатилаётгани борасида сўз юритди.

Ҳозирги кунда институт мутахассислари вирусология фанига тегишли бўлган барча муаммолар билан шуғулланмоқда, ОИВ, ОИТС, гепатит, табиий ўчоқли инфекциялар, грипп, ичак инфекциялари ва онковирусология соҳасида илмий ишлар ёқланмоқда.

Мазкур муассаса дунёнинг бир қатор етакчи илмий-тадқиқот институтлари, хусусан, Япониянинг "Гепатитлар ва иммунология" Миллий Маркази, Жанубий Кореянинг "Вакцинация" Халқаро институти, Санкт-Петербургнинг Пастер номидаги "Эпидемиология ва микробиология" илмий-текшириш институти ҳамда Ҳиндистоннинг етакчи тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда изланишлар олиб бормоқда.

Уч кун давом этадиган илмий-амалий конференцияда АҚШ, Германия, Испания, Италия, Швейцария, Россия, Белорусия ва бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар (CDC)дан 20 нафарга яқин олим маъруза, маҳорат дарслари билан иштирок этиши, беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ташхислаш ҳамда даволаш усулари бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсад қилинган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги инновацион ғоялар, технологиялар илгари суриладиган бу каби халқаро ҳамкорлик соҳада, хусусан, юқумли касалликлар ва вирусологияда илмий-амалий фаолиятни олиб бориш, вирусли инфекцияларни даволаш, олдини олиш муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

“Туркистон-пресс”