2018-02-19 07:27:00

ЭЛЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Белгия Қироллигининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) этиб тайинланган Жан-Артур Режибони қабул қилди.Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот хизмати хабар берди.

Вазир Элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, уни юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-Белгия мунобатларини икки ва кўп томонлама шаклларда, жумладан Ўзбекистон-Европа Иттифоқи, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ривожланишнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда давлатлараро алоқаларни чуқурлаштириш, жумладан миллий парламентлар ва ташқи сиёсат идоралари даражасида муносабатларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Белгиянинг ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Долзарб халқаро муаммоларни муҳокама қилиш чоғида минтақавий хавфсизлик масалалари, хусусан, жорий йилнинг 26-27-март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилаётган Афғонистон бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цзиян Ян билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида икки томон муносабатларининг долзарб жиҳатлари ҳамда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик” номли халқаро конференцияда Хитой делегациясининг иштирокига доир амалий масалалар кўриб чиқилди.

“Туркистон-пресс”