2018-02-19 09:51:00

МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҒИ МУДДАТИДА ТЎЛАНМАСА АЙРИМ НОҚУЛАЙЛИКЛАР КЕЛИБ ЧИҚИШИ АНИҚ

Маълумки, жорий йилдан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилди.

Энг асосий янгилик шундаки, ҳозирга қадар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган, яъни кадастр идоралари томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган база ҳисобланган. Эндиликда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг инвентар қийматидан эмас, кадастр қийматидан ҳисобланиши жорий этилиб, солиқнинг асосий ставкаси 0,2 фоиз қилиб белгиланди (ўтган йили 1,7 фоиз эди) ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.

Мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаган тақдирда эса, солиқ шартли қийматда ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Яъни, жорий йилдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказидаги уй учун 210 миллион сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида ҳисобланиши ҳақидаги тартиб ўрнатилди.

Шу билан бирга, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдаги солиқ суммасига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. Мисол учун, Учқўрғон туманида жойлашган ҳовли-уйнинг кадастр қиймати 321,2 миллион сўмни ташкил этиб, 2018 йил учун 429,1 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланиши лозим эди, лекин 2017 йилда ушбу мулк учун ҳисобланган солиқ суммаси 134,4 минг сўм бўлгани учун 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгилангани инобатга олиниб, 2018 йил учун солиқ 161,3 минг сўм ҳисобланади.

Бу каби ўзгаришлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори билан солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Унга кўра, кўчмас мулк объектларининг кадастр қиймати умумий фойдали майдоннинг бир квадрат метри, ҳудудий тузатиш ва эскириш коэффициентлари асосида ҳисоблаб чиқилади. Бу ўзгаришларнинг барчаси жисмоний шахслар эгалигидаги мол-мулкни кадастр идораларида рўйхатга олиш орқали солиқларни ҳисоблашга хизмат қилади.

Муҳим янгиликлардан яна бири шуки, томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаётган жисмоний шахслар аниқланган тақдирда, улардан ушбу ер участкалари учун ер солиғи 3 баробар миқдордаги ставкада ундирилади. Бунинг учун маҳалла фаоллари билан хонадонма-хонадон юрилиб, томорқа ер участкасига эга бўлган хонадонлар ўрганилади ҳамда экин экилмаган ҳолат бўйича ҳар бир ер участкаси эгасига солиқни 3 баробар ставкада тўлаш лозимлиги тушунтирилади ва ёзма тўлов-хабарнома берилади.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, вилоятимизда солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг аксарияти ўз мажбуриятларини вақтида адо этишаётган бўлсада, аммо айрим солиқ тўловчилар бу мажбуриятларини “унутиб” қўйишмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир жисмоний шахс, ер ва мол-мулк эгаси бўлган фуқаро айрим ноқулайликларга дуч келмаслиги учун солиқларни ўз вақтида тўлаб бориши мақсадга мувофиқдир.

Замира ҚЎЛДОШЕВА,

Тошкент вилояти Давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот йўналиши бўлими бош мутахассиси.

“Туркистон-пресс”.