2018-02-20 07:12:00

ЭНДИ ФУҚАРОЛАР ЭМАС, ҲУЖЖАТЛАР ҲАРАКАТЛАНАДИ

Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда, бу, ўз навбатида, аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.

2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилгани «Doing Business 2018» глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга кўтарилишига хизмат қилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналарининг бир йиллик фаолияти халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду-ташвишларни эшитиш, оғирини енгил қилиш масаласи давлат органларининг зиммасида бўлган энг муҳим ва долзарб вазифа эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Халқ қабулхоналарининг тажрибаси тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига давлат органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда муаммо ва камчиликлар, ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини ҳамда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасининг замон талабларидан ортда қолаётганини кўрсатди.

Шу боис ҳам халқ оғирини енгил қилиш, аҳолига “давлат-шахс” муносабатларида қулайлик яратиш ва давлат хизматларини кўрсатишда шаффофликни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан янги давлат хизматларини кўрсатиш концепцияси илгари сурилди.

Жумладан, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида 2017 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга асосан ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизими жорий этилди.

Бу тизим халқимиз ишончини қозонган ва ўз самарасини берган Халқ қабулхоналари негизида ташкил этилди ва Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.

Бунда давлат хизматлари кўрсатишда уларнинг сифати, тезкорлиги ва шаффофлигига эътибор қаратиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига кўра давлат хизматлари кўрсатиш механизмини жорий этиш белгиланди.

Фармонга кўра, 2018-2020 йилларда босқичма-босқич 58 турдаги давлат хизматлари жорий этилади.

Ҳозирги кунда Давлат хизматлари марказлари томонидан тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб эса, жисмоний шахсларга ҳам давлат хизматлари кўрсата бошланади.

Бундан буён кундалик ҳаётда ҳар биримиз дуч келадиган воқеа-ҳодисалар, масалан, туғилишни қайд қилиш, болани боғчага бериш, архив маълумотларини олиш ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, тегишли тўловларни амалга ошириш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу нафақат вақтни, сарф-харажатларни тежайди, балки турли асаббузарликларнинг олдини олиб, инсон учун энг қимматли бўлган соғлигини сақлашга хизмат қилади.

Шу ўринда қайд этиш лозим, Наманган тумани давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг 1 февраль кунига қадар жами 127 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, шундан 29 таси юридик шахсларни, 98 таси якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан марказимизга 36 турдаги давлат хизматидан фойдаланиш учун жами 93 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 93 таси белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тўлиқ қаноатлантирилди.

Жорий йилнинг 16-17 январь кунлари марказ томонидан тумандаги Истиқлол, Деҳқонобод, Тошбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинларида, 26-27 январь кунлари Бўстон, Боғ кўча, Тепақўрғон маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти юзасидан қилган мурожаатлари марказ ходимлари томонидан белгиланган татибга кўра шу жойнинг ўзида расмийлаштирилиб, ваколати органларга электрон тарзда “е-ijro” тизими орқали юборилди ва барчаси ижобий ҳал этилишига эришилди.

Бундан ташқари, тумандаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, Давлат хизматлари марказлари орқали 2018-2020 йилларда босқичма босқич кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари, уларнинг муддатлари, тақдим этиладиган ҳужжатлар тўғрисида кенг тушунчалар берилди.

Марказимиз томонидан келгусида ҳам бундай сайёр қабулларни мунтазам равишда ўтказиб бориш кўзда тутилган бўлиб, устувор мақсадимиз аҳолининг Давлат хизматлари марказлари ва Халқ қабулхоналари давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, фуқароларнинг вақт ва молиявий харажатларини камайтириш, шунингдек, уларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини оширишдан иборатдир.

“Туркистон-пресс”