2018-02-20 07:26:00

ВИЗАСИЗ РЕЖИМ: СИНГАПУРЛИК САЙЁҲЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, 7 та мамлакат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилган эди. 2018 йилнинг 10 февралидан эътиборан Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия Республикалари, Исроил ва Япония фуқаролари учун визасиз режим тартиби кучга кирди.

2018 йилнинг 15 февраль санасида Сингапур мамлакатидан илк “визасиз” сайёҳлар Абдул Раҳим Бин Ҳасни ва Муҳаммад Фадли Бин Саъат юртимизга ташриф буюришди, деб хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати.

Меҳмонларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ш. Шорахметов И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида байрамона руҳда кутиб олди ва уларга эсдалик совғаларини топширди.

– Сингапур мамлакатидан Ўзбекистонга саёҳат қилишни истайдиганлар жуда кўплаб топилади, – дейди Муҳаммад Фадли Бин Саъа. – Визасиз режимнинг жорий этилиши эса, Сингапур сайёҳларини янада мамнун қилади, деган фикрдаман. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Айниқса, ўзбек миллий тўни ва дўпписи мен учун кутилмаган совға бўлди. Сингапурдан биринчилардан бўлиб, визасиз режим асосида Ўзбекистонга келганимдан жуда ҳам хурсандман. Сингапурга қайтишим билан бу хушхабарни барча дўстларим билан ўртоқлашаман.

“Туркистон-пресс”