2018-02-20 07:44:00

ЯНГИ ХАЛҚАРО ТРАНСПОРТ КОРИДОРИ ИШГА ТУШМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг Ахборот хизматидан маълум қилишларича,пойтахтимизда матбуот анжумани ўтказилган. Унда Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вакиллари иштирок этиб, “Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештам-Қошғар” янги транспорт коридори бўйлаб экспорт юкининг биринчи колоннасини юборилишига тайёргарлик кўриш тўғрисида ахборот беришди.

“Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” янги автомобиль коридорини йўлга қўйиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасига Давлат ташрифи давомида илгари сурилган, ташриф давомида икки давлат ўртасида Халқаро автомобиль хабардорлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро Келишув имзоланган.

Ушбу Келишувни амалга ошириш доирасида 2017 йилнинг 30 октябридан 3 ноябригача “Тошкент — Андижон — Ўш — Иркештом — Қошғар” йўналиши бўйича Ўзбекистон, Қирғизистон ва ХХР автотранспорт воситалари иштирокида синов автопойга ташкил қилинган эди. Умумий йўл узунлиги 920 километр бўлган масофа 31 соат давомида босиб ўтилган, шундан 16 соати ҳаракатда кечган.

Матбуот анжуманида 2018 йил январь ойи охирида Ўзбекистон, Қирғизистон ва ХХР томонидан “Тошкент — Андижон — Ўш — Иркештом — Қошғар” йўналиши бўйича автомобилда юк ташишни мунтазам йўлга қўйишга боғлиқ барча ташкилий-техник масалалар ҳақида келишиб олингани маълум қилинди.

Бу каби тадбирлар келгусида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади, жумладан, “Хитой — Марказий Осиё — Кавказ — Европа” ва “Хитой — Марказий Осиё — Афғонистон — Эрон” янги трансконтинентал коридорларни яратишга имкон берувчи “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” янги темир йўл магистралини қуришни тезлаштиришга йўл очади. Улар амалдаги коридорлардан деярли 1000 километрга қисқароқ бўлади.

Ушбу лойиҳагаМозори Шарифдан Андижонгача, кейинчалик Хитойгача темир йўл орқали транспортда юк ташиш соҳасидаги афғон шериклар ҳам қизиқиш билдиришмоқда. Натижада “Мозори Шариф— Герат” (Трансафғон коридори) янги темир йўл қурилиши билан “Хитой —Марказий Осиё —Жанубий Осиё —Яқин Шарқ” Трансконтинентал транспорт коридори шаклланади.

“Туркистон-пресс”