2018-02-20 08:13:00

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ ЎЗБЕКИСТОН УЧУН КВОТАЛАРНИ ОШИРМОҚЧИ

Ўзбекистон Республикаси Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегацияси айни вақтда Кореяда бўлиб турибди. Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қабул қилиш учун квоталар сонини кўпайтириш масаласи юзасидан музокаралар олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлигининг Ахборот хизмати.

Бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда ноқонуний миграция муаммоси мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Айрим экспертлар фикрига кўра, Кореяда Ўзбекистондан бўлган бир неча ўн минг нафар меҳнат мигрантлари ноқонуний фаолият юритаётган бўлишлари мумкин.

Таъкидлаш жоиз, 2007 йилдан 2016 йилгача 27 минг нафар ўзбекистонлик Жанубий Кореяда қонуний ишлаш ҳуқуқини қўлга киритган.

Ушбу ҳолатни ўнглаш учун мигрантларни қабул қилиш квотасини кўпайтириш, шунингдек, уларни Корея иқтисодиётининг бошқа соҳаларига ҳам жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Тез кунларда Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида очилиши кўзда тутилган Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Агентлиги бу жараёнда ўз амалий ёрдами билан фаол иштирок этиши кўзда кутилмоқда.

Шунингдек, Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ҳам муҳокама қилмоқда.

Бунинг учун Ўзбекистонда Жанубий Кореяга ўқиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетишга тайёр фуқароларни тайёрлайдиган ўқув марказларини очиш режалаштирилмоқда.