2018-02-21 12:05:00

ЎЗБЕКИСТОН-ОЗАРБАЙЖОН БИЗНЕС-ФОРУМИ ЎТКАЗИЛДИ

Кеча Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Озарбайжон ишбилармон доира вакиллари хамда маҳаллий тадбиркорлар иштирокидаги Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми ўтказилгани ҳақида Савдо-саноат палатасининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этиш лозим, ушбу тадбир ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча рағбат сифатида хизмат қилади.

Тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилиши ва кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сонини ҳамда икки томонлама маҳсулот айланмасини оширишдан иборат.

Форумда қурилиш, савдо, тиббиёт анжомлари, фармацевтика, қадоқлаш материаллари, нашриёт, полиграфия, АКТ, каби соҳаларда фаолият юритаётган Озарбайжоннинг йирик компанияларидан келган 20 дан ортиқ вакил, шунингдек, мамлакатимиз йирик корхона ва компанияларнинг 50 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Ишбилармонлик учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этиш керакки, 2017 йил якунлари бўйича товар айланмаси – 31,2 млн.АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жумладан, экспорт – 26,2 млн. АҚШ долларини, импорт эса – 4,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистон Республикасида Озарбайжон Республикаси сармояси иштирокидаги 84 та корхона фаолият юритиб, улардан 71 таси қўшма корхона, 11 таси Озарбайжоннинг 100 фоизкапиталига эгакорхонадир.

Ушбу корхоналар савдо, машинасозлик ва метални қайта ишлаш, молия ва суғурта, энергетика, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва енгил саноати каби соҳаларда фаолият юритишмоқда.

Ўз навбатида, Озарбайжон ҳудудида Ўзбекистонинг иккита корхонаси ташкил этилган, булар «Ўзбекистон ҳаво йуллари» МАК ва «Ўзавтосаноат» дилерлик марказидир.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида Озарбайжон компаниясининг бир ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Икки мамлакат ишбилармонлари учун кооперация биржаси хам ташкил қилинди. бу эса ўз навбатида, тўғридан тўғри хамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, ўзаро манфаатли шартномаларни тузиш имкони берди.

Бизнес форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Озарбайжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.

Бизнес форум якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва Озарбайжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси президенти Мамед Мусаев Қурбон ўғли иштирокида Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

“Туркистон-пресс”