2018-02-21 13:34:00

ЕТТБ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ УЧРАШУВЛАРИ

“Тараққиёт стратегияси” марказида Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар тарқатди “Жаҳон” АА.

Тадбир Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов билан учрашувда марказ фаолияти, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши ҳақида сўз юритилди.

Меҳмонларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга ошириш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, банк-молия соҳасини эркинлаштиришда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

Наталья Ханженкова Ўзбекистондаги изчил ислоҳотларни, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш лойиҳаларини юқори баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёев танлаган жадал тараққиётга қаратилган сиёсат мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, унда давлат иштирокини камайтириш орқали соҳа ва тармоқларни диверсификация қилиш, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қарорлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқотда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларни жамиятда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларнинг тўлақонли иштирокчисига айлантириш каби йўналишлардаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Туркистон-пресс”